ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик талабалар Халқаро математика олимпиадасида 10 та медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик талабалар Халқаро математика олимпиадасида 10 та медални қўлга киритди

Юртимиз талабалари Халқаро математика олимпиадасида (IMC- International Mathematical Competition) 2 та олтин медаль, 5 та кумуш медаль, 3 та бронза медаль ва 4 та фахрий ёрлиқни қўлга киритдилар. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

2020 йилнинг 25-30 июль кунлари талабалар ўртасидаги Халқаро математика олимпиадаси (IMC- International Mathematical Competition) онлайн тарзда ўтказилади. Ушбу олимпиадада 46 та давлатдан 546 нафар талабалар иштирок этди. Жумладан, АҚШнинг Массачусетс технологиялар институти (Massachusetts Institute of Technology), Стэнфорд Университети (Stanford University), Ню-Ёрк Университети (New York University), Мериленд университети (University of Maryland), Карнеги Меллон Университети (Carnegie Mellon University), Россиянинг Санкт-Петербург давлат университети, Москва Физика-техника институти , Иқтисодиёт Олий мактаби, Tel Aviv University, шунингдек, Исроил давлатининг Bar Ilan University , Германиянинг Rheinische Friedrich-Wilhelms-Universität Bonn, Universität Leipzig, Georg-August-Universität Göttingen, Буюк Британиянинг University of Cambridge, University College London, Imperial College London, University of Manchester, University of Warwick, University of Leeds ва бошқа нуфузли университетлардан талабалар иштирок этишди.

Талабаларнинг халқаро математика олимпиадаларида муносиб иштирок этиши ва иқтидорли талабаларни саралаш мақсадида Математика институти ва Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорликда ташкил этган “Mathematical olympiads of Uzbekistan for University Students” номли онлайн лойиҳа доирасида июнь ойининг охирида 1200 дан ортиқ иштирокчилар орасидан 17 нафар талаба саралаб олинди. 2020 йилнинг апрель ойидан шу кунга қадар талабаларни Карим Рахимов (ЎзМУ), Аброр Пирнафасов (Ruhr-Universität Bochum, Германия) ва Ҳакимбой Эгамберганов (Universite de Paris, Франция) халқаро олимпиадаларга тайёрлашди.

Ушбу олимпиадада Қарши давлат университетидан 1 нафар, Тошкент давлат иқтисодиёт университетидан 1 нафар, Бухоро давлат университетидан 2 нафар, Гулистон давлат университетидан 2 нафар ва Ўзбекистон Миллий университетидан 11 нафар талаба 3 та гуруҳ бўлиб иштирок этди. Карим Рахимов (ЎзМУ) гуруҳлар раҳбари, Ғолиб Ботиров (Математика институти), Шоҳруҳ Ибрагимов (ЎзМУ) эса гуруҳ раҳбари ўринбосарлари сифатида қатнашди. Талабаларимизнинг олимпиада иштироки учун бадал тўлови Математика институти ҳузуридаги Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилди.

Олимпиада натижаларига кўра Гулистон давлат университети талабаси Абдушукур Аҳадов ва Ўзбекистон Миллий университети талабаси Шаҳзод Қуроқбоев олтин медаль, Ўзбекистон Миллий университети талабалари Толибжон Исмоилов ва Мафтуна Саматбоева, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Жаҳонгир Тўраев, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Жасурбек Имомов, Бухоро давлат университети талабаси Собир Боймуродов кумуш медаль, Ўзбекистон Миллий университети талабалари Нилуфар Ражабова, Дониёр Язданов, Даврбек Олтибоев бронза медаль, Ўзбекистон Миллий университети талабалари Жаҳонгир Турсунов ва Хуршид Турғунбоев, Гулистон давлат университети талабаси Олимжон Жалилов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Абдумалик Абдуқаюмов фахрий ёрлиққа сазовор бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги математика соҳасида таълим олаётган ва илмий-тадқиқот билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга масъул орган сифатида мазкур халқаро олимпиадада ғолиб бўлган талабаларни табриклаб, уларнинг ўқитувчилари ҳамда уларни халқаро олимпиадага тайёрлаган жонкуяр устозлар – Карим Рахимов , Аброр Пирнафасов ва Ҳакимбой Эгамбергановга ўз миннатдорчилигини билдиради.

photo_2020-08-01_16-05-11.jpg

2 881
ЎзА