ЎзА Ўзбек

03.08.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик талабалар икки карра Халқаро математика олимпиадаси совриндори бўлди

Ўзбекистонлик талабалар икки карра Халқаро математика олимпиадаси совриндори бўлди Жорий йилнинг 22-28 июль кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасида анъанавий 25-халқаро математика олимпиадаси (International Mathematics Competition for University Students) бўлиб ўтди. Мазкур халқаро олимпиадада ўзбекистонликлардан 4 нафар талаба иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, дунёнинг нуфузли юзга яқин олий ўқув юртидан 351 нафар талаба иштирок этган олимпиадада вакилларимиз 2 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистон миллий университети математика факультетининг 4-босқич талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳрух Ибрагимовлар олтин медаллар (1-даражали диплом), Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети механик муҳандислик факультети 3-босқич талабаси Фаррух Муҳаммадиев ва Ўзбекистон миллий университети математика факультетининг 1-босқич талабаси Толибжон Исмоиловлар эса бронза медаллар (3-даражали диплом) билан тақдирланди.
Жамоага Швейцариянинг Берн университети математика институти ҳамда Буюк Британиянинг “University College London” таълим муассасалари катта илмий ходими, математика фанлари доктори (PhD) Ориф Ибрагимов раҳбарлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги талабалар ўртасидаги 24-халқаро математика олимпиадасида Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳрух Ибрагимовлар олтин медалларни қўлга киритган эди.

Талабалар ўртасидаги энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси ҳисобланган ушбу мусобақа 1994 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Олимпиадада қатнашчиларга икки кун давомида Алгебра (чизиқли ва абстракт), Анализ (ҳақиқий ва комплекс), Геометрия ва Комбинаторика соҳаларидан масалалар берилади ва улардан ечимларини инглиз тилида тақдим этиши талаб этилади. Олимпиададан сўнг қатнашчиларнинг ёзма ишлари жамоа раҳбари томонидан ҳимоя қилинади ва баллар тўпланади.



ЎзА
7 015