ЎзА Ўзбек

03.08.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик разведкачилар халқаро армия ўйинларида

Ўзбекистонлик разведкачилар халқаро армия ўйинларида 28 июлдан 11 августга қадар жаҳоннинг етти мамлакати полигон ва ўқув марказларида “АрМИ-2018“ IV халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

Москва вилоятидаги “Патриот“ боғида бўлиб ўтган ўйинларнинг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев бошчилигидаги мамлакатимиз ҳарбий делегацияси, шунингдек, Россия, Беларусь, Озарбойжон, Қозоғистон мудофаа вазирлари, Венесуэла, Вьетнам ва Мьянма армиялари Бош штаби бошлиқлари иштирок этди.

“АрМИ-2018“ мусобақаларида 33 давлатнинг 200 дан ортиқ жамоаси 28 йўналишда куч синашмоқда. Мамлакатимиз “АрМИ-2017“ ўйинларида илк бора иштирок этиб, саккизта йўналишнинг бештасида Россия ва Хитойдан сўнг учинчи ўринни эгаллаган эди. Жорий йилда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақада 13 йўналиш бўйича иштирок этмоқда.

Россия Федерациясида “АрМИ-2018“ мусобақаларининг 17 тури, Хитойда 4 тури, Қозоғистонда 3 тури, Беларусь, Эрон, Озарбойжон ва Арманистонда биттадан тури ўтказилади. Жорий йилда Жазоир, Вьетнам, Мьянма, Покистон, Филиппин ва Судан армияси ҳарбий хизматчилари мусобақада илк бор иштирок этмоқда.

“Қўшин разведкаси аълочилари“ йўналиши бўйича мусобақанинг очилиш маросими Новосибирск марказий боғида бўлиб ўтди. Бу ерда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой, Зимбабве ва Судан разведкачилари ғолиблик учун курашди. Филиппин ва Ҳиндистон эса кузатувчи сифатида иштирок этди. Мусобақанинг биринчи босқичида ушбу йўналиш бўйича Ўзбекистон қўшин разведкачилари жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Тўлиқ таркибдаги разведка бўлинмаси десант тушириш майдонидан 1000 метргача бўлган узоқликда жойлашган белгиланган йиғин бўлимларига Ми-8 вертолётидан парашют (қўниш) усулида десант бўлиб тушиб келди. Бундан ташқари, улар 15 километрга марш-сакрашни моҳирона бажарди, азимут бўйича ҳаракатланиб, “шартли душман“ билан учрашув вазиятида барча назорат нуқталарини тўлиқ таркибда босиб ўтди, сўнгра разведка пистирмасини амалга оширди.

Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг “Ногинск” полигонида “Йўл патрули“ мусобақаларига старт берилди.

Жорий йилда Ўзбекистон ҳарбий автоинспекция жамоасига подполковник Баҳодир Аннаев бошчилик қилди. “Йўл патрули“ мусобақасини бошлашдан аввал Россия Қуролли Кучлари ҳарбий полицияси ходимлари томонидан “автомобиль вальси“ ва гуманитар юк жойлашган колоннага ҳужум қилган “шартли душман“ни йўқ қилиш бўйича ҳарбий хизматчилар ҳаракати намойиш қилинди.

Россия Мудофаа вазирлигининг сайти хабарига кўра, “АрМИ-2018“ ҳарбий-спорт турнирининг илк беш кунлиги якунлари сарҳисоб қилинди. Ҳозирча Россия жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринни Хитой, учинчи ўринни Қозоғистон эгаллаб турибди.

Беларусь, Ўзбекистон, Эрон, Арманистон, Миср жамоалари ҳам фаол иштирок этмоқда.



Аблай Камолов, ЎзА
10 482