ЎзА Ўзбек

19.08.2018 22:17 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик болалар яратган робот Хитойда “Андижон полкаси” рақсини ижро этди

Ўзбекистонлик болалар яратган робот Хитойда “Андижон полкаси” рақсини ижро этди

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида Робототехника бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. 

photo5461055452805704245.jpg

Конференция доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг робототехника лойиҳалари танлови ҳам ташкил этилди. Танловда жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакатидан 350 дан ортиқ болалар иштирок этиб, ўзбекистонлик Ситора Исламова (2006 йилда туғилган) ва Артем Долгановскийлар (2012 йилда туғилган) “Ижод” йўналишининг “Шаҳар” номинациясида олтин медал ва “Олтин совға” кубогини қўлга киритди. 

photo5461055452805704244.jpg

Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг “Робот-официант”и меҳмонларга ўзбек замини ноз-неъматлари ва ширинликларини етказиб бериш маҳоратини кўрсатган бўлса, иккинчи робот “Андижон полкаси” рақсини ижро этиб, йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Ҳайъат баҳолашда креатив дизайн, роботнинг барқарорлиги, буйруқларни аниқ бажариш қобилияти каби мезонларга таянди. Шуни қайд этиш жоизки, ўзбекистонликлар танловда иштирок этган Марказий Осиё минтақасидан ягона жамоа ҳисобланади.

Хитойдан қайтиб келган Ситора Исламова ва Артем Долгановскийлар жорий йилнинг 30 ноябрь 1 декабрь кунлари Таиландда ўтказиладиган Нейротехнологиялар ва робототехника бўйича халқаро танловга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоага барча зарур шароитларни яратиш ишларини олиб бормоқда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Турин политехника университетида болалар боғчалари тарбиячилари ва педагоглар учун робототехника курслари ташкил қилиб келмоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

ЎзА
5 838