ЎзА Ўзбек

09.11.2018 10:40 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик академикнинг “Ўсимликлар клиникаси”

Ўзбекистонлик академикнинг “Ўсимликлар клиникаси”

Мамлакатимиз олимлари аҳоли томорқа хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик, манзарали экин турларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш борасида тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Ҳозирда Республикамиз миқёсида жадал равишда аҳоли томорқа хўжаликларида кенг оммалашаётган “Ўсимликлар клиникаси” хизматининг лойиҳа ташаббускори, Тошкент Давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов, ЎзА мухбирига жаҳон тажрибалари асосида Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш хизматини такомиллаштириш борасидаги изланишларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди: 

– Бугунга қадар аҳоли томорқа экинларида учрайдиган зарарли организмларга қарши кураш ва экологик тоза маҳсулотлар етиштириш бўйича тизим ишлаб чиқилмаган эди, – дейди Б.Сулаймонов. – Ваҳоланки, аҳоли ихтиёрида ўртача 500 минг гектар унумдор экин майдони мавжуд. Аммо, аҳолининг экинларни етиштиришда зараркунанда ва касалликлар бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги улар етиштираётган экинларнинг 35-40 фоизи туфайли нобуд бўлмоқда.

Шу боис томорқадаги экинларни ҳимоя қилиш бўйича янги тизим яратиш муаммоси юзага келди. Муаммони ҳал этиш мақсадида бир қатор ривожланган мамлакатлар тажрибалари ўрганилди. Жумладан АҚШ, Англия, Германия, Голландиянинг тажрибалари чуқур таҳлил этилди ва ўзимизга мос равишда маҳаллалар кесимида “Ўсимликлар клиникаси” хизмати ташкил этилди. 

Ушбу хизмат турини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги “Республика ҳудудларида “Ўсимликлар клиникаси” хизмати тизимини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 19-Баёни, ҳамда 15 сентябрдаги 734-сонли “Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш” чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари тасдиқланиб, қатор молиявий ва бошқа имтиёзлар берилган. 

Бунинг натижасида вилоятлар миқёсида 120 дан ортиқ ўсимликлар клиникаси ташкил этилиб, мавсум давомида шартнома асосида аҳоли томорқаларида хизмат кўрсатиб келмоқда. Дастлабки кўрсатгичларга кўра ўсимликлар клиникаси хизмати томонидан деярли 5,8 минг гектар томорқа хўжаликларига 1,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.

Шу билан бирга, томорқадан олинадиган ҳосил 25-30 фоизга, қўшимча даромад хонадонларда камида 1,8 миллион сўмга ортган. 
Томорқаларда экологик тоза маҳсулотлар етиштириш мақсадида хориждан самарали, экстремал шароитга чидамли трихограмма энтомофаг тури иқлимлаштирилиб, кўпайтириш, қўллаш технологияси ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

Сирдарё вилоятида зараркунандаларга қарши биологик кураш бўйича “Бек” кластер билан 13 минг гектарга шартнома тузилди.

Бундан ташқари, биомаҳсулотларни кўпайтиришни такомиллаштириш мақсадида Тошкент вилояти фермер хўжаликлари учун олтинкўзни кўпайтиришнинг инновацион қурилмаси яратилди ва жорий этилмоқда. 
Қайд этиш жоизки, атроф-муҳитнинг глобал равишда ўзгариши қишлоқ хўжалиги экинларига турли касаллик ва зараркунандаларнинг таъсир кўламини ортишига олиб келмоқда. 

Маълумки дунё аҳолисининг учдан бири қисми очликдан азият чекмоқда. Озиқ-овқат манбаси ҳисобланган ер сайёрасининг жуда кам қисмида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш имкони мавжуд. Бу эса ерлардан унумли фойдаланишни талаб этади. 

Келгусида “Ўсимликлар клиникаси хизмати тармоғини янада кенгайтириш мақсадида аҳолига томорқалари учун экинларнинг уруғлари, ўғитлари ва кўчатларини етказиб бериш бўйича ҳам хизматларни кўрсатиш режалаштирилиб, бу эса аҳолини сифатли ишонарли экин турларини етиштириш имконини беради.

Шу боис биз мавжуд ерлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Тошкент Давлат аграр университетида илмий тадқиқотларни кучайтириш, устоз ва шогирд мактабни ривожлантириш мақсадида Ўсимликлар ҳимояси ва карантини йўналишда 10 дан ортиқ бакалавр талабалари, Энтомология ихтисослигида 2 та магистр талабалари, 5 та мустақил ва таянч тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқотларини бирга олиб бормоқдамиз. Тошкент Давлат аграр университети ва унинг Андижон, Нукус, Термиз филиаллари қошидаги академик лицейларда “ёш энтомологлар” тўгараги ташкил этилди.

Шунингдек, фермерлар ва аграр тармоқ йўналишида фаолият юритаётган ўқувчи-талабаларнинг билимларини ошириш мақсадида турли мавзуларда семинарлар ўтказиб келмоқдамиз. Сурхондарё, Навоий, Бухоро вилоятлари иссиқхоналарда сабзавот етиштиришга ихтисослашган фермерлар, Тошкент Давлат аграр университети Термиз филиали талабалари, Қумқўрғон, Қарши, Хатирчи, Ромитан касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари билан ўтказилган учрашув шулар сирасидандир. 

Бугунги кунга келиб ўсимликларни ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалар доирасида хорижнинг нуфузли илмий марказлари ва университетлари билан илмий ҳамкорлик қилинмоқда. Хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Голландия, Индонезия, Хитой, Япония, Россия каби давлатлари билан ўқув ва илмий-амалий тадқиқотлар йўлга қўйилган.

Мисол учун, Хитой Синзян қишлоқ хўжалик академияси қошидаги Боғдорчилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари билан “Ўзбекистон шароитида янги технологиялар ёрдамида унаби етиштириш” бўйича шартнома имзоланди. Бутунжаҳон озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) билан ТашДАУ тажриба хўжалигида бир гектарга интенсив олма ва нок навларидан иборат боғ яратиш, боғдорчилик фермер хўжаликлари учун ўқув қўлланма чоп этишга келишиб олинди.

Олиб бориладиган ҳамкорлик натижасида аҳоли томорқаларидан олинадиган даромад янада ошиши, экологик тоза маҳсулотлар етиштирилиши шубҳасиз.

Сайёра Шоева, ЎзА​
1 919