ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик 7 бемор бола Корея клиникаларида соғломлаштирилмоқда

Ўзбекистонлик 7 бемор бола Корея клиникаларида соғломлаштирилмоқда

Муслима бир қараганда соғлом кўринсада, нафас олиши қийин кечади. Вужудидаги митти юрак уни ҳар тунда безовта қилиб, ухлатмайди. Уч ойлигида юрагида нуқсон борлиги аниқланган эди – операция қилиш лозим. Аммо бу катта маблағ талаб қилгани боис, ота-онаси ва бобо-бувиси қанча ҳаракат қилмасин керакли миқдордаги маблағни топа олмаётганди. Оилавий шароити кўтармаганлиги сабабли баъзан дори-дармон олишга ҳам қийналиб қолишарди...

Шу йил 3 июлда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида Корея Республикасининг “Суаджин” фонди ва “Седжонг” госпиталидан келган малакали шифокорлар томонидан қирқ нафарга яқин туғма юрак нуқсони ташхис қўйилган бемор бола умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар хулосалари ва тиббий кўрик натижаларига кўра ўта оғир ташхисли бемор болалар аниқлаб олинди. Улар орасида Муслима ҳам бор. 7 нафар ана шундай бемор бола ота-оналари ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мутасаддилари ҳамроҳлигида Корея Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштириш учун жўнаб кетди.

Бу ерда малакали мутахассислар томонидан бемор болаларда керакли жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, соғломлаштирилади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди узоқ йиллардан буён Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Жумладан, фонднинг асосий ва ишончли ҳамкорларидан бўлган Кореянинг “Суаджин” фонди билан 2018 йилдаги ҳамкорлик давомида “Седжонг” госпиталида хайрия йўли билан жами 12 ўзбекистонлик бола соғломлаштирилди. Госпиталнинг 7 мутахассиси ва шифокори жорий йилнинг 10 май куни юртимизда бўлиб, туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. 12 бемор бола Корея Республикасининг “Седжонг” госпиталида операция қилиниб, юртимизга қайтарилди.

6 420
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА