ЎзА Ўзбек

12.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги тузумни ағдаришга ҳаракат қилган “ДЭО маҳбуслари” юристи қамоқдан озод этилди

Ўзбекистондаги тузумни ағдаришга ҳаракат қилган “ДЭО маҳбуслари” юристи қамоқдан озод этилди
Уларни “Шайхали қамоқхонаси” номи билан танилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида “ДЭО маҳбуслари” деб аташарди.

ДЭО – бу диний экстремистик оқим... Бу шундай оқимки, дилида динга эътиқоди бор кўплаб кишилар, айниқса, ёшларни ўзига ром этиб, уларнинг умр йўлларини адоғи йўқ қоронғулик сари буриб юборди.

Асл мақсади давлат, ҳокимият бўлган кимсаларнинг динни ниқоб қилиб олиб, зимдан олиб борган таъсирига минглаб юртдошларимиз тушгани сир эмас. Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган ҳаракатлар содир этилганида ва ундан сўнг эса бунда иштирок этган кўпчилик ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган ва суд ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган.

Шундай шахслардан бири олий маълумотли юрист экани мени бироз таажжублантирди.

Кўпинча ҳали оқ-қорани танимаган, билими етарли бўлмаган ёшларнинг адашганини эшитардик. Бу сафар эса...

Асли фарғоналик бўлган Рустам эса Тошкент давлат юридик университетида ўқиб юрган кезларидаёқ диний эстремистик оқимнинг Ўзбекистондаги ячейкаларидан бирига қўшилганди.

— Ўша пайтлар динга жуда берилгандим, масжидларга ҳам бориб турардим, – дейди у. – Бир вақтнинг ўзида менга алоҳида меҳр билан динни тарғиб қилаётган бошқа бир одам билан танишдим. Унинг оқимига оид видеолар жуда таъсирли эди. Иккинчи йўлни танладим. Бир неча дўстларимни ҳам бундан хабардор қилиб бордим. Биз интернет орқали алоқа ўрнатиб, фаол мулоқот қилардик. Бизни бошқараётган шахс ўша пайтда ўзининг Россияда эканини айтарди.

Бу мулоқотлар бора-бора 20-25 ёшлардаги йигитларни юртни тарк этишга, Аллоҳ йўлида курашга чорлай бошлади. “Сирли ёзишма”лар эса хавфсизлик хизматининг эътиборига тушиб бўлганди. Рустам билан яна тўрт йигит бир вақтнинг ўзида ҳибсга олинди.

Мавжуд тузумни йўқ қилиш, ўрнига янги тузум барпо этиш фикрининг ўзи “конституциявий тузумга тажовуз қилиш”, деб баҳоланади. Бундай жиноятлар эса оғир жиноятлар сирасига киради.

Шу тариқа қўлга олинган йигитлар ўн йилдан зиёдроқ муддатларга қамалган.

- Ўзингизни айбсиз эдим, дея оласизми?
- Йўқ, албатта. Мен ўша пайтда хато йўлни танлаганман.

Рустам оилада ёлғиз ўғил эди. Бунинг устига у отасиз улғайганди. Унинг тарбиясидаги кемтиклик вояга етганида ҳам, ҳатто олий маълумот олаётганида ҳам тўлмагани унинг адашишига сабаб бўлгандир, балки... Қолаверса, у ўқишни тугатганидан сўнг икки йиллаб ишга кира олмаган. Мана шу ҳолат ҳам унинг тушукунлигига, бошқа суянч сари кучлироқ интилишига сабаб бўлган, менимча.

Президентимизнинг шу йил 4 февралдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан Рустам ҳам афв этилди.

Қамоқдаги кунларини ёдга олар экан, бизни “ДЭО маҳбуслари”, деб аташар ва бизга алоҳида сабоқлар ўтилар эди, дейди у. Ана шу сабоқлар жараёнида диннинг асл моҳиятини тушундик.

Тўққиз йиллик тазарру бир йигитни хатодан тўғри хулоса чиқариш, ёлғизгина онасининг қадрига етиш, меҳнат қилиб, ҳаётни тўғри йўлга қўйиш сабоғини ҳам ўргатди.

Унинг эндиги мақсади ишлаш, ҳалол яшаш. Фақат у ҳали иш топганича йўқ. 


14 236
Норгул Абдураимова, ЎзА