ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ёшлар туризми учун шароит яратилмаган

Ўзбекистонда ёшлар туризми учун шароит яратилмаган

1909 йилнинг ёзида олмониялик ўқитувчи Ричард Ширман шогирдларини бир неча кунга тоғ ёнбағрига саёҳатга олиб чиқади. Қуюқ дарахтзор, мовий кўл, ястаниб ётган кенгликлар, турфа ўсимликлар ва табиат ажойиботлари ёш сайёҳлар кўнглига олам-олам завқ бағишлайди. Кечқурун момақалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуя бошлайди. Ялангликда дам олаётган ёш сайёҳлар ёмғирдан қочиб, яқин ўртадаги қишлоқ мактабига киради. Ёмғир туни билан тинмайди. Ширман шогирдлари ухлаб олиши учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилади. У ўшанда ўйлаб топган тўр пардалар билан бир-биридан ажратилган кичик ётоқхоналар ғояси кейинчалик бутун дунёга машҳур бўлиб кетади. Шу тариқа Германияда ёшлар сайёҳлик уюшмаси юзага келади.

Уюшма ташкил этилганига бу йил 110 йил тўлди.

Айни пайтда Германияда 556 ёшлар туристик базаси мавжуд. Улар бир вақтда 75 мингдан зиёд ёш сайёҳни қабул қилади. Йиллик меҳмонлар сони 4 миллионни ташкил этади. Ёшлар меҳмонхонасида бир кеча тунаш нонушта билан бирга 16 еврога тушади. Меҳмонхоналар асосан тарихий биноларда, эски қаср ва қалъаларда жойлашган бўлиб, барча зарур шарт-шароит яратилган. Бу – хориж тажрибаси. Хўш, юртимизда-чи?

Осори-атиқаларга бой диёримиз сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари борасида дунёда ўзининг муносиб ўрнига эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби қадимий шаҳарларимизни кўриш, бетакрор меъморий обидалар, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиш, нодир табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, азалий анъана ва қадриятларимиз билан танишиш истагидаги сайёҳлар сони йилдан-йилга ортмоқда. Туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва саёҳатчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат турларини кўпайтириш, визасиз режимни жорий этишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, меҳмон уйлари, туризм қишлоқлари барпо этилаётгани соҳа ривожидан далолат. Аммо ёшлар туризмини жонлантириш бўйича нима ишлар қилинмоқда, деган табиий савол туғилади.

– Ўзбекистонда ёшлар туризми учун зарур шароитлар яратилган, деб бўлмайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси Жўрабек Абдураҳмонов. – Юртимизга келаётган сайёҳлар орасида ёшлар жуда озчиликни ташкил этаётгани зарур инфратузилма яратилмаганини кўрсатади. Хориждаги ёшлар Ўзбекистон ҳақида кўп нарса билмайди. Шу боис қўмитамиз ёшлар туризми стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Тўғри, Ёшлар иттифоқи қошида Ёшлар туризми агентлиги фаолияти йўлга қўйилган ва имтиёзлар берилган. Аммо уларнинг фаолияти унчалик кўзга ташланмаяпти.

Ёшлар туризми агентлиги маълумотига кўра, 2018 йил ва 2019 йилнинг январь-апрель ойларида жами 2 миллион 882 минг 823 ёш саёҳатга чиққан. Шундан 2 миллион 178 минг 405 нафари вилоятлараро, 704 минг 418 нафари туманлараро саёҳат қилган. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари ҳамда ёшларнинг фаол қатламларидан иборат жами 1 минг 785 ёш учун бепул саёҳат ташкиллаштирилган. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, қамров у қадар катта эмас.

– Агентлик нафақат ички туризм¬ни оммалаштириш, балки мамлакатимизга чет эллик сайёҳларни жалб этишга ҳам катта эътибор қаратмоқда, – дейди Ёшлар туризми агентлиги директори Камола Исмоилова. – Масалан, ўтган йили Индонезиянинг “RD Тours” сайёҳлик компанияси вакиллари билан олиб борилган музокаралар чоғида Индонезия фуқароларининг юртимизга, шунингдек, Ўзбекистон ёшларининг Индонезияга саёҳатини ташкил этиш борасида келишилганди. Келишувга мувофиқ, жорий йилда Индонезиядан келадиган 29 минг меҳмонни кутиб олишга ҳозирлик кўраяпмиз. Туркия, Индонезия, Малайзия ва Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги элчихоналари кўмагида 26 туркомпания ва агентлик билан шартномалар имзоланди. Япония ва Германиядаги туризм соҳаси вакиллари билан истиқболли келишувларга эришилди.

Туризм соҳасида инновацияларни жорий этиш, таълим хизматларини такомиллаштириш, саёҳатларнинг арзон тушишини таъминлаш, туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш бўйича ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида камчиликлар кўзга ташланади. Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Марғилон ва Тошкент шаҳарларида ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ёшлар меҳмонхоналари қурилиши кўзда тутилган эди. Ҳозирча бундай меҳмонхона фақат Хива шаҳрида фойдаланишга топширилди.

– 2017 йилдан бошлаб ёшлар туризмини ривожлантириш учун жуда катта имтиёзлар берила бошлади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. – Бу йўналишдаги туризмни ривожлантиришда талабалар ётоқхонасига алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Охирги икки ой мобайнида ўрганиш ишларини олиб бордик: ётоқхоналар ёзги мавсумда бўм-бўш турар экан. У ердаги шароитлар қониқарли даражада. Нима учун ёзги мавсумда улардан самарали фойдаланилмайди, деган саволга ўзим ҳам жавоб топа олмадим... Мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида ёшлар туризмини тарғиб қилиш бўйича тубдан янгиланган дастурлар ишлаб чиқаяпмиз. Бу борада Ёшлар иттифоқи билан тизимли ишларни йўлга қўйишимиз керак.

Шундай ёшлар борки, ёзда ҳам ишлаб, ҳам саёҳат қилишни хоҳлайди. Уларнинг талабини қондира оладиган тизим ишлаб чиқилмаган. Дейлик, Қарши давлат университети талабаси ёзги мавсумда пойтахтга келиб ишлаш, талабалар турар жойида вақтинчалик яшашни истайди. Ёки тошкентлик талаба Хоразм анъанасини ўрганиш учун воҳага боргиси келади. Аммо у бирор имтиёздан фойдалана олмайди.

Ёшлар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам. Шу боис, хорижда ёш сайёҳлар учун ҳуқуқий база яратилган, уларнинг манфаатлари давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Масалан, экологик туризм ривожланган аксарият мамлакатларда касаба уюшмаси томонидан тоғли ҳудудларда ёшлар турбазалари барпо этилган. Бу ерга дунёнинг турли бурчагидан ёш сайёҳлар келади. Латвияда “Ёш саёҳатчилар клуби” фаолияти йўлга қўйилган. Номдор меҳмонхоналар уларга имтиёзли хизмат кўрсатади. Масалан, бир ойда бир марта 50 ёш туристни бепул жой билан таъминлайди. Ёшлар клуби эса доимий ҳамкор сифатида жойларда бу меҳмонхона тарғиботини олиб боради. Нега бу амалиётни бизда қўллаш мумкин эмас? Тадбиркорлар рекламага йўналтирилган маблағлари ҳисобига ёшлар учун шундай имтиёз яратса, шунинг ўзи самарали вазифани ўтайди.

– Ёшлар туризми билан соҳа тадбиркорлари, туристик фирмалар деярли шуғулланмайди, – дейди “Yasmina tour” сайёҳлик фирмаси раҳбари Саидаҳмад Рауфбоев. – Эҳтимол, Ёшлар туризми агентлиги кўп хайрли ишларни амалга ошираётгандир. Аммо ҳар бир ишни ўзининг устаси қилиши керак. Фирмамиз 25 йилдан буён хорижий ташкилотлар, фондлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Бир неча марта чет эл олий ўқув юртлари талабаларининг Ўзбекистонга саёҳатини уюштириб бердик. Юртимизда эса ташкилотлардан бирор таклиф бўлмади. Дунёнинг йирик университетларида шу билим юртини 100 йил олдин битирган талаба ҳақида ҳам маълумотлар бўлади. Бизда эса “Сиз Ўзбекистон Миллий университетини 30 йил олдин битирган экансиз, бизга ҳамкор сифатида ёрдам беринг” деган таклифни эшитмаганман. Агар шундай таклиф бўлса, мен бажонидил ҳамкорлик ва ҳомийлик қилган бўлардим.

Дарвоқе, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири темир йўл, авиачипталар нархининг қимматлигидир. Оқибатда саёҳатга отланган ёшлар хусусий транспорт воситаларини танлайди. Хавфсизлик масаласи мавҳум, хизмат кўрсатиш сифати эса ҳаминқадар...

Дунё ёшлари ҳар қандай маълумотни, жумладан, сайёҳлик турлари, бормоқчи бўлган мамлакатидаги шарт-шароит, энг арзон меҳмонхона, темир йўл ва авиачипталарга чегирмаларни интернет орқали излайди. Ўзбекистон ёшлар туризми ҳақида эса интернетда деярли маълумот йўқ.

Жорий йилда пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида ўтказилган биринчи музқаймоқ, “Gastro Bazaar” халқаро гастрономик фестивали ва унинг доирасида ташкил этилган туризм ва меҳмондўстлик соҳаси бўйича маҳорат дарсларида юртимиз ёшлари билан бир қаторда кўплаб хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Шу йилнинг 22-27 август кунлари юртимизга дунёнинг машҳур 70 блогери келди. Улар тарихий шаҳарлар, нодир табиат, халқимизнинг ўзига хослиги, урф-одат ва қадриятларимиз, бетакрор маданиятимизга ошно бўлди. Шукуҳли байрамлар, кўнгилочар тадбирлар, мусиқа фестиваллари меҳмонларда ёрқин таассурот қолдиргани шубҳасиз. Бу ҳам сайёҳлик имкониятларимизни яна бир бор дунёга намойиш этди.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Ёшлар иттифоқи, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари биргаликдаги фаолияти навқирон авлод вакилларининг саёҳат маданиятини ошириши, юртимизда ёшлар туризми тараққий этишига туртки бўлиши лозим. Зеро, ўтмиш билан фахрланиб, келажак сари шижоат билан дадил одимлашда туризмнинг ҳам ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Рисолат МАДИЕВА,
журналист

1 597
ЎзА