ЎзА Ўзбек

05.09.2018 09:53 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда январь-август ойлари давомида инфляция даражаси 6,2 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистонда январь-август ойлари давомида инфляция даражаси 6,2 фоизни ташкил қилди

Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитаси 2018 йилнинг август ойи учун Республика истеъмол секторидаги инфляция даражасини маълум қилди. 

2018 йилнинг август ойида товар ва хизматлар нархлари даражаси ўртача 0,3 фоизга ошди (январь ойида инфляция 2,7 фоиз, февралда 1,1 фоиз, март ойида 1,1 фоиз, апрелда 0,9 фоиз, май ойида 0,8 фоиз, июнь ва июль ойларида дефляция 0,4 фоиз ва 0,3 фоиз). 

Жорий йилнинг январь-август ойлари давомида инфляция даражаси 6,2 фоизни ташкил қилди. 
Январь-август ойларида истеъмол нархлари индекси (ИНИ) динамикаси
(ўтган ойга нисбатан, фоиз)

01.JPG

Истеъмол бозоридаги нархлар январь ойида сезиларли даражада қимматлашди (2,7 %). Июнь ва июль ойлари давомида ички истеъмол бозорларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўйиниши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси ҳамда умумий инфляция даражасининг пасайишига ўз таъсирини ўтказди. 
Кузатув натижаларига кўра, ой давомида товарлар нархи ўртача 0,3 фоиз ва хизматлар 0,4 фоиз қимматлашганини жорий йилнинг август ойидаги нархлар тенденциясини «товар ва хизматлар нархларининг бир маромда ўсиши», дея тавсифлашимиз мумкин. Йиллик инфляция таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки (ўтган йилнинг мос ойига нисбатан), мамлакат иқтисодиётига нисбатан инфляция босимининг энг юқори даражаси жорий йилнинг январь ойи (20,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келади ва кейинги ойлардан бошлаб ушбу тенденция аксинча, яъни, пасайиш томон ҳаракатланганини кўришимиз мумкин.

Инфляция даражаси динамикаси (ИНИ бўйича)
(ўтган йилнинг мос ойига нисбатан, ўсиш %)

02.JPG

Жорий йилнинг январь-август ойларида инфилатцион трендларда таъсир кўрсатган асосий омиллар орасида қуйидагиларни алоҳида қайд этиш мумкин: 

• мавсумийлик ҳамда иқлим шароитлари таъсирида мева ва сабзавот гуруҳи маҳсулотлари, шунингдек, сутли маҳсулотлар, тухум ҳамда парранда гўшти нархларининг ўзгариши; 

• импорт маҳсулотлари билан ички бозорларнинг тўйинганлиги (масалан, шакар ва ўсимлик мойи); 

• ем-хашак (чорва озуқалари) нархларининг кўтарилиши натижасида чорва молларининг қимматлашиши, шунингдек, аҳоли томонидан мол гўшти маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши; 

• гуруч нархларининг қимматлашиши истеъмол бозоридаги ушбу маҳсулот ҳажмининг камайиши ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва сотувчи тадбиркорлар томонидан мавсумий қурғоқчилик, шунингдек, шоли экин майдонларининг қисқартирилиши оқибатида кутилаётган тахминлар; 

• миллий валюта қийматининг мустаҳкамланиши ҳамда бир қанча ташқи савдо омиллари натижасида импорт қилинувчи маҳсулотлар ва айрим турдаги хизматлар нархлари, шунингдек, инфляция даражасининг ошиб кетмаслигига сезиларли даражада таъсир кўрсатганлиги (ҳаво транспорти хизматлари шулар жумласидандир); 

• қурилиш материаллари нархларининг қимматлашиши ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари нархларини оширишлари натижасида вужудга келди ва бу ўз навбатида, иқтисодиётга нисбатан инфляция босимининг ортиши билан бир қаторда унинг ўсишига 0,8 фоиз (ёки, ўтган 8 ой давомида инфляциядаги умумий улуши миқдори 12,9 фоиз) даражада таъсири; 

• ишлаб чиқарувчилар харажатларининг ошиши натижасида маъмурий жиҳатдан тартибга солинувчи коммунал соҳасидаги хизматлар нархлари қимматлашди. Бу, ўз навбатида, мамлакатдаги инфляция даражасига бевосита ва билвосита таъсир этди (умумий инфляция даражасидаги таъсир улуши 0,8 фоиз);

• ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бозорида шаклланаётган ҳолатлар натижасида аҳолига автомобилларга газ тўлдириш шаҳобчалари орқали сотилувчи метан ва пропан нархининг сезиларли даражада қимматлашиши умумий инфляция даражасининг 0,4 фоиз кўтарилишига сабаб бўлди; 

• энг кам ойлик иш ҳақи (ЭКОИҲ) миқдорининг оширилиши ҳам умумий инфляция даражасига ўз ҳиссасини қўшиши билан бир қаторда, унинг инфляцияга бевосита (ЭКОИҲ миқдорига боғлиқ бўлган хизматлар: ҳуқуқий тусдаги, алоҳида турдаги банк хизматлари, ветеринария хизматлари ва ҳ.к.) ҳамда билвосита (истеъмол талабларини рағбатлантириш ва иқтисодиётга қўшимча пул маблағларини жалб қилиш) йўллари орқали таъсир этиши; 

• “GM Uzbekistan” АЖ корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобилларнинг чакана сотиш нархларини ўртача 7,7 фоизга оширилиши республиканинг умумий инфляция даражасига 0,05 фоиз миқдоридаги таъсири; 

• спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотлари актсиз солиқларининг 2018 йилнинг 1 январидан оширилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 5 март кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3583-сон Қарорига асосан 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб пиво ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадларига йўналтирилган қўшимча тўловларнинг жорий қилиниши натижасида спиртли ичимликлар 12,5 фоизга ва тамаки маҳсулотлари нархи ўртача 15,2 фоизга қимматлашди (инфляцияга таъсири 0,2 ф.д.).

ЎзА
4 218