ЎзА Ўзбек

18.08.2018 22:29 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда яна бир йирик цемент заводи ишга тушди

Ўзбекистонда яна бир йирик цемент заводи ишга тушди

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан саноатнинг бошқа тармоқ корхоналари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи янги қувватларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017 йилга қадар қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 7995 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда улар сони 10 минг 552 тани ташкил этмоқда. 120 турдаги қурилиш материаллари сони бугун 180 дан зиёд турга етказилди.

Ўтган йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан 16 триллион 756 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 122,6 фоизга ошган. Жами саноат ишлаб чиқаришдаги улуши 11,6 фоизни ташкил этган.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда барча қурилиш маҳсулотлари қаторида цементга бўлган талаб ҳам янада ошмоқда. Мавжуд талабни қондириш бўйича бугунги кунда аниқ чора-тадбирлар кўрилиб, янги қувватларни ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

– 14 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан йилига 9,1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, – деди жамиятнинг цемент, асбоцемент маҳсулотлари ва боғловчи материаллар ишлаб чиқариш шўъбаси бошлиғи Баҳодир Исмоилов. – Бундай кўрсаткичларга қарамасдан, қурилиш ишларининг кескин ошгани цемент ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш эҳтиёжини туғдирмоқда. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар йиллик қуввати 3 миллион тоннадан зиёд бўлган 8 та, 2019 йилда йиллик қуввати 4,7 миллион тонна бўлган 9 та лойиҳа амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 10 октябрдаги “Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи қурилиши инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яна бир лойиҳани амалга ошириш белгиланган эди.

Қарорга мувофиқ, ушбу цемент заводининг технологик қисми Туркиянинг “Dal teknik makina tigaret ve sanayi a.s.” фирмаси томонидан амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа “Олмалиқ кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан муваффақиятли амалга оширилган иккинчи завод бўлиб, ушбу жамият томонидан дастлаб Жиззах вилояти Зафаробод туманида қурилган корхона модернизация қилиниб, йилига 350 минг тонна оқ цемент ва 760 минг тонна портландцемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Жиззахда ишга туширилган корхона МДҲ давлатлари бўйича оқлиги 85 бирликдан кам бўлмаган ва мустаҳкамлиги 500 килограм/сантиметр квадрат маркадаги юқори сифатли цемент ишлаб чиқаришга эришилган биринчи муваффақиятли лойиҳадир.

Янги лойиҳанинг Шеробод туманида амалга оширилганида ҳам ўзига хос афзалликлари бор. Чунки энг йирик, яъни 708 миллион тонна цемент хом ашёси, шу жумладан, 530 миллион тонна оҳактош ва 178 миллион тонна тупроқ (глина) мавжуд конлар айнан шу ҳудудда жойлашган.

Қиймати 212,8 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида бу ерда йилига 1 миллион 500 минг тонна юқори сифатли портландцемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳамда 1200 нафар туман аҳолисини доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилди.

Сурхондарё вилоятининг географик жойлашуви нафақат юртимизда амалга оширилаётган, балки қўшни давлатлар, шу жумладан, Афғонистон Республикасида ҳам кенг кўламдаги қурилиш бунёдкорлик ишлари учун зарур бўлган цемент маҳсулотининг ички ва ташқи бозорда ўз харидорини топиш имкониятини беради.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши давлатимиз раҳбари томонидан жадаллик билан муваффақиятли амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг соҳадаги дастлабки натижаларидан бири дейиш мумкин.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА
14 083