Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда узумнинг қандай навлари бор?

Ўзбекистонда узумнинг қандай навлари бор?
Аввал хабар берилганидек, Тошкент давлат аграр университетида “Узум-2018” кўрик-танлови давом этмоқда.

Фермерлар намойиш этаётган, қуёш тафтидан тўйинган ранг-баранг узумларга қараб, ўйга толасан киши. Аслида юртимизда узумнинг қанча турдаги навлари мавжуд экан, деб.

– Бугун юртимиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва Давлат реестрига киритилган 43 узум нави мавжуд, – дейди Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Риқсивой Тиллаев. – “Қора шаҳзода”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни”, “Мерс”, “Қора кишмиш”, “Буваки”, “Маликанинг бармоғи”, “Пушти тоифи“ каби узум навлари нафақат ички бозорда, балки узоқ-яқин хориж давлатларида ҳам харидоргир. Даромад манбаи сифатида ҳам унча-мунча деҳқончилик маҳсулоти узумнинг олдига туша олмайди. 

Яна бир гап. Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти генофондида Франция, Италия, Германия, Австрия, Грузия, Молдова, Арманистон, Озарбойжон ҳамда бошқа давлатлардан келтирилган 1600 дан ортиқ узум навларининг коллекцияси мавжуд бўлиб, олимларимиз уларнинг биологик хусусиятлари, ҳосилдорлиги, маҳаллий шароитга мослашувчанлиги сингари хусусиятларини ўрганиб, замон талабларига тўлиқ жавоб берадиганлари аниқланди.



ЎзА