Ўзбекистонда “UzNEX” крипто-биржаси очилди
Пойтахтимиздаги Корея маданият марказида 20 январь куни блокчейн саноати бўйича халқаро конференция ҳамда “UzNEX” крипто-биржасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Корея маданият марказида 20 январь куни блокчейн саноати бўйича халқаро конференция ҳамда “UzNEX” крипто-биржасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш “Рақамли ишонч” жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад блокчейн технологиясини ривожлантириш, ушбу технологиянинг ижтимоий-иқтисодий соҳада тутган ўрни ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказишдан иборат.
Анжуманда Жанубий Корея, Япония, Сингапур давлатларида фаолият юритаётган блокчейн саноатидаги етакчи компаниялар, мамлакатимиз вазирлик, идоралари раҳбарлари иштирок этди. Тадбир доирасида “КOBEA GROUP” компаниясининг Марказий Осиёдаги илк крипто-биржаси ва офиси очилиши маросими ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон айни пайт кўпгина соҳалар, жумладан, рақамли иқтисодиёт бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган ва жадал ривожланаётган давлатлардан бири саналади. Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон яқин йилларда рақамли иқтисодиёт бўйича дунёнинг энг илғор мамлакатларидан бирига айланиши мумкин.
“UzNEX” – Марказий Осиёда ягона биржа бўлиб, мазкур бозорда миллий валюта, кредит карталари ва АҚШ доллари амал қилади. Ўзбекистон фуқароларига криптовалютани биржада сотиш ҳуқуқи берилади, хорижий резидентлар эса криптовалюта биржасининг Ўзбекистон қонунларига зид бўлмаган барча хизматларидан фойдаланиши мумкин.
Бунда сиз муайян тажрибага эга бўлмасангиз-да, юқори даромад олаётган профессионал сармоядорларнинг инвестицион стратегиясини ҳар куни, ҳар ҳафта ва ҳар ой кузатиб боришингиз мумкин бўлади. Дунёдаги етакчи крипто биржаларнинг хавфсизлик бўйича экспертлари узлуксиз 365 кун/24 соат мобайнида платформа тизимини мунтазам мониторинг қилиб боради. Муҳандислик технологияси маркази эса пулни ювиш билан курашиш бўйича FATF маслаҳатларига мувофиқ, ихтисослаштирилган ечимлар тақдим этади. Бундан ташқари, рақамли активлар хавфсизлиги бўйича жаҳон миқёсида таниқли BitGo компанияси “қайноқ ҳамён” тақдим этади.
Ижтимоий рақамли ресурслар тақдим этувчи UzMex ва UzSTX платформаларида дунёнинг исталган одами молиявий инвестициялаш, пул ўтказмалари ва кредитлаштиришни мобиль телефони ёки шахсий компьютери орқали амалга ошириши мумкин.
Ўзбекистондаги илк крипто-биржа – “UzNEX” таъсисчиси ҳисобланган “КOBEA GROUP” компанияси келгусида Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртларида блокчейн бўйича махсус кафедралар очишни режалаштирмоқда.
Конференцияда рақамли технологияларнинг дунё бўйлаб ривожланиш тенденциялари, жумладан, Ўзбекистон иқтисодий тараққиётини таъминлашдаги аҳамияти, блокчейн саноати истиқболлари, “UzNEX” крипто-биржасининг мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги роли, “КOBEA GROUP” компанияси томонидан юртимизда амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.