Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

13.08.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъқулланадими?..

Ўзбекистонда “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маъқулланадими?..

Бир йил аввал, август ойининг бошларида regulation.gov.uz порталида “Қурол тўғрисида”ги қонун муҳокамага қўйилган эди. Шу кунларда қонун лойиҳаси Олий Мажлис депутатлари томонидан кўриб чиқилмоқда ва такомиллаштирилаётир. Табиийки, савол туғилади. “Қурол тўғрисида”ги қонун ўзи бизга керакми? Қонун қабул қилинса, қуролга эга бўлган фуқаролар кўпаядими ёки аксинча?

Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритсак.

Биз тўплаган маълумотларга кўра, қонун лойиҳаси қуролга эгалик қилиш, сотиш ва қуролни Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тартибга солинади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, 18 ёшдан ошган фуқаролар маълум тартибларга риоя қилган ҳолда, ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик қуролларига эгалик қилишлари мумкин. Яъни бунда газли ва электрли қуроллар назарда тутилмоқда. Лойиҳага кўра, бундай қуролга эгалик қилиш учун Ички ишлар вазирлигининг махсус дастурий текширувларидан ўтиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатномаларига эга бўлиш талаб этилади. Бундан кўриниб турибдики, фуқаролик қуролига эга бўлиш қатъий тартиб ва талаблардан иборат бўлиб, истаган киши уни сотиб олиш ва фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди.

Қонун лойиҳасида қуролга рухсат амалда бўлишини тўхтатиш учун асослар батафсил келтирилади. Улар орасида овчилик билети амалда бўлиши тўхтатилиши, қоидаларни қўпол бузганлик ёки рухсат тугатилиши каби меъёрлар назарда тутилган. Шунингдек, қайси касб эгаларининг қуролга эга бўлиши ва қандай турдаги қуроллардан фойдаланиш масалаларига ҳам аниқлик киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 1996 йил 27 февралдаги 3-сон қарори 2-бандига мувофиқ, пневматик қурол ўқотар қуролга кирмаслиги тўғрисида тушунча берилган. Ички ишлар органлари томонидан фуқароларга пневматик қуролни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, олиб чиқиш, республика ҳудудида сотиб олиш, сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатнома ёки бошқа турдаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар берилиши кўзда тутилмаган. Ички ишлар органлари томонидан пневматик қурол муомаласи тартиби тўғрисида бирор бир тушунтириш берилиши белгиланмаган. “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса бу каби ҳуқуқий масалалардаги ноаниқликка барҳам бериш ва амалда қурол билан боғлиқ барча муносабатларни қонуний тартибга солишга хизмат қилади.

Амалдаги тартибга кўра, “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан учта ўқишда қабул қилингач, Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзо чекилгач, қабул қилинган ҳисобланади.

А. Содиқова, ЎзА