ЎзА Ўзбек

19.02.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда тут баргидан чой ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда тут баргидан чой ишлаб чиқарилади «Ўзбекипаксаноат» уюшмасидан ЎзАга маълум қилишларича, айни вақтда тут баргидан чой ишлаб чиқариш корхонасини қуриш бошланди. Декабрь ойида корхона ишга тушади.

Умумий қиймати 2 миллион долларга баҳоланган бу лойиҳа хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Лойиҳанинг 1 миллион доллари “Ўзсаноатқурилиш” банкдан олинган кредит ҳисобидан қопланади. Қолган қисмини хитойлик чой ишлаб чиқарувчи тадбиркор мутахассислар ва ускуна олиб келиш ҳисобидан қоплайди.

— Баҳорда баргнинг учи, куз мавсумида эса барглар бутун йиғиб олинади, – дейди уюшма раиси Б. Шарипов. – Нега бундай десангиз, биз баҳорда 330 минг қути, кузда эса 40 минг қути ипак қурти парваришлашни мўлжаллаб турибмиз. Барча фаслларда тут баргининг ҳосили бир хил бўлади. Лекин кузда баҳорга нисбатан қарийб 7 баробар пилла кам боқилгани учун ана шунча барг дарахтда қолиб кетади. 2019 йилда ҳар гектар тутзордан 52.5 тонна тут барги йиғиб чой тайёрлаш режалаштирилган. Ана шунда экспорт ҳажми 1.4 миллион доллар бўлиши кутилмоқда. Корхонада 50 та доимий ва 1500 та мавсумий иш ўрни яратилади.
Уюшма томонидан тут барглари Хитойга олиб борилиб, ундан синов тариқасида чой ишлаб чиқарилган эди.

Хўш бундай чойнинг фойдали хусусиятлари нималардан иборат?

Лабаратория синовларида бундай чойнинг таркибида кофеин ва танин моддаси одатдаги чой нисбатан 200 баробар кам эканлиги аниқланди. Таркибидаги витамин ва минераллар эса аксинча кўп экан. В1, В2, А, С витаминлар, соч ва тирноқ учун фойдали кальций бор. Ундаги кальций моддаси творогдагидан ҳам кўпроқ экани аниқланди. У қандли диабетда, бош оғриганда, бош айланишида, йўталда, кўз шамоллаганда фойдали. Шунингдек, юртимизда кўпчиликда давления баланд юришини ҳисобга олсак, уларга ҳам бу чой яхши фойда беради.

Келгуси йилдан аҳоли саломатлиги учун кони фойда бўлган ана шундай маҳсулот ички ва ташқи бозорларга етказиб берилади.

Сайёра Шоева, ЎзА
22 620