Ўзбекистонда тиббиёт ниқобларининг ишлаб чиқарилиши етарли даражада
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, тиббиёт ниқоби (маска) етишмаслиги ва деярли барча дорихоналарда нархининг ошгани аҳолини ташвишга солмоқда экан.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, тиббиёт ниқоби (маска) етишмаслиги ва деярли барча дорихоналарда нархининг ошгани аҳолини ташвишга солмоқда экан.
Шуни маълум қиламизки, юртимизда 15 та тиббий юз ниқоби ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд.
Ушбу корхоналар ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишлаб турибди. Аммо маскага бўлган эҳтиёж юқори бўлгани ва буюртмаларнинг кўплиги сабаб, дорихоналарда айнан шу маҳсулотнинг нархи ошгани кузатилган. Яна бир бошқа сабаблардан – бири вазиятдан фойдаланиб қолаётган нафси ўпқон кимсаларнинг тиббий буюмларнинг оширилган нархларда сотаётганлигидир.
Агар сиз юз ниқобларини белгиланган нархлардан юқори нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлсангиз, Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилишингиз мумкин.
Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ўзининг расмий сайтида мазкур ҳолат бўйича ўз муносабатини билдириб, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда оширган дорихоналарнинг фармацевтика фаолияти тўхтатилиши борасида расман огоҳлантириш эълон қилди.
Шу ўринда фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига, лицензия талаблари ва шартларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Қизлархон БЕГМАТОВА,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
матбуот хизмати раҳбари