ЎзА Ўзбек

31.08.2018 17:36 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда рекорд кўрсаткич

Ўзбекистонда рекорд кўрсаткич
XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган самбо мусобақалари ҳам якунига етди. Қувонарлиси, ушбу спорт турида ҳам вакилларимиз ўзларининг нималарга қодирлигини намойиш этишди ва терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги медалларни қўшиб қўйишди.

Жумладан, аёллар орасида 48 килогача бўлган вазн тоифасида терма жамоамиз аъзоси Нодира Гулова бронза медалини қўлга киритди. Қизиғи, унга бу йўлда яна бир ҳамюртимиз Мадина Турғунбоева рақиб бўлди. Муросасиз кечган баҳсда Нодира 3-0 ҳисобида ғалабага эришди.

Эркаклар ўртасида 52 килогача бўлган вазн тоифасида бир йўла икки нафар вакилимиз бронза медали учун кураш олиб боришди. Бироқ, Ислом Аҳмаджонов қозоғистонлик Баимбет Канзановга ютқазиб қўйган бўлса, бошқа бир вакилимиз Аҳмад Раҳматиллаев Эрон терма жамоаси аъзоси Жомий Ҳасанийдан устун келди.

Шу тариқа Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобидаги жами медаллар сони 57тага етди. Бу билан мамлакатимиз спорт делегацияси жами медаллар сони бўйича Осиё ўйинларидаги рекордини янгилади. Шу кунгача атлетларимиз 2002 йили Пусан(Жанубий Корея)да бўлиб ўтган Осиё олимпиадасида 56та медалга эга чиқишганди. Ўша йили ватанимиз спортчилари 15та олтин медални қўлга киритиб, бу борада ҳам рекорд қайд этишганди. Индонезиядаги мусобақада терма жамоамиз аъзолари сон борасида ўз рекордини янгилашди. Энди эртага бокс мусобақаларида вакилларимиз ҳеч бўлмаганда битта олтин медалга сазовор бўлишса, сифат борасидаги рекордимиз ҳам янгиланади.

ЎзА
4 420