ЎзА Ўзбек

17.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда олий таълим тизими янги ривожланиш босқичига ўтмоқда

Ўзбекистонда олий таълим тизими янги ривожланиш босқичига ўтмоқда

Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш талаби қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бу борада амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, яқин келажакда республикамизнинг яна 10 та олий таълим муассасаси халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидан ўрин олиши кутилмоқда.

Эндиликда Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университети мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айланади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш назарда тутилган. Шунингдек, халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан маркази – Президент университети ташкил этилади.

Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасалари мустақиллиги жорий этилади, яъни босқичма-босқич республикамизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари қабул квоталарини ўз йўналишларидан ҳамда иқтисодиётнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилаш имконияти яратилади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон олий таълим тизими Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи хабга айлантирилади.

Концепциянинг мақсадли кўрсатгичларида 9 та йўналиш белгиланган бўлиб, уларнинг биринчиси – олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган. 2019 йили аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 50 фоиздан ошади. Нодавлат, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий таълим муассасалари сони 35 тага етказилади. Кредит-модуль тизими жорий этиладиган олий таълим муассасалари сони ҳам ҳозирги 2 тадан 85 тага кўпаяди.

Олий таълим тизимининг ривожланиш босқичларида “учинчи авлод” университетларига (тадбиркорлик экотизимлари, истиқболли технологиялар бозорлари ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини халқаро даражада таъминлаш) бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг ўзаро узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб берилди.

Шу ўринда бир маълумот: мамлакатимизда 2018 йил 3243 хорижлик талабага салкам 400 миллион доллар қийматидаги таълим хизматлари экспорт қилинган. Мазкур концепцияда ҳам келгусида таълим сифати ва қамрови кўрсаткичларини ошириш эвазига хорижлик талабалар сафини кенгайтириш ва таълим хизматлари экспортини кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Фармонга мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгаши ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига холисона баҳо бериш, таълим сифати устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан иборат.

Концепцияда талаба-ёшларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш ҳам кўзда тутилган.

1 807
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА