Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.07.2018 20:18 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланиш бўйича янги қоидалар ишлаб чиқилди

Ресторан, кафе, савдо уйлари, умуман, жамоатчилик жойларида бепул Wi-Fi мавжудлиги соғлом рақобатни юзага келтирмоқда. Бугунги замондошимиз бундай жойларда бепул интернети бор манзилни танлаши табиий. Аммо... Очиқ Wi-Fi тармоғи орқали амалга оширилаётган кибержиноятлар ва фирибгарлик ҳолатлари ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда. 

Одатда жиноятчилар умумфойдаланадиган тармоқларни ёқтиради. Бу тармоқда жиноятчиларни идентификациялаш ва фойдаланувчилар орасидан топишнинг деярли имкони йўқ. Шунингдек, жиноятчилар жамоат жойларида ўзларининг сохта Wi-Fi тармоғини яратиб, ундан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаган ҳолатлари ҳам кузатилади.

Адлия вазирлиги бу каби ҳолатларни бартараф этиш ва очиқ Wi-Fi тармоғи фойдаланувчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Маълумотлар узатиш, жумладан, интернет тармоғи хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғини рўйхатдан ўтказди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маълум қилишича, мазкур ҳужжат туризмни ривожлантириш, мамлакатимиз миқёсида хавфсиз, очиқ Wi-Fi тармоқлари сонини ошириш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат, шунингдек, хорижда мамлакатимиз нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади. Айни дамда ундан фойдаланиш шароитлари ҳам сифатли бўлиши керак. Юқори даражадаги ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш мажбурий бўлади.

Маълумотлар узатиш, жумладан, интернет тармоғи хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририда очиқ тармоқларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича талаблар алоҳида боб сифатида киритилган. Унга кўра, фойдаланувчининг телефон рақами орқали идентификациялашда ишлаш муддати чекланган вақтга эга бўлган бир марталик пароль ёрдамида аутенфикация қўлланиши керак. Бундай пароль SMS-хабар орқали фойдаланувчининг телефон рақамига юборилади. Ҳужжатда Wi-Fi тармоқлари яратувчилари учун ҳам алоҳида талаблар тақдим этилган. Бундан буён улар фойдаланувчилар шахсий маълумотлари ва хабарларини сир сақлаши лозим. Мазкур шарт бўйича чекловларга қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари ва экспертлари мазкур қоидаларни ишлаб чиқиш жараёнида жамоат жойларида очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани ўрганди.

Таъкидлаш жоизки, қатор мамлакатларда Wi-Fi дан бепул фойдаланиш фақат идентификацияланган фойдаланувчилар ҳамда Wi-Fi тармоқларини ривожлантиришга кўмаклашувчилар, масалан, тегишли ускунани таъмирлаш учун ўз уйи томини берган фуқароларга тақдим этилади. Бу каби схемалар Эстония, Финляндия каби мамлакатларнинг муниципалитет органлари, университетлари ва тижорат ташкилотлари томонидан ҳамда Париж, Иерусалим сингари шаҳарларда қўлланилади. Фойдаланувчини Wi-Fi дан оммавий фойдаланиш жойи томонидан идентификациялаш бўйича талаблар қатор хорижий мамлакатлар, жумладан, Италия ва Жанубий Кореяда ҳам мавжуд.

Бугунги кунда фойдаланувчилар, жумладан, сайёҳлар ҳам аэропорт ва вокзаллар, жамоат транспорти, маданий мерос ва сайёҳлик объектларида очиқ тармоқлардан хавфсиз фойдаланишни истайди. Айнан очиқ ва хавфсиз Wi-Fi тармоқларини ривожлантириш мақсадида ҳам фойдаланувчилар учун юқорида кўрсатилган ҳужжат томонидан тасдиқланган оддий ва қулай идентификациялаш тизими қабул қилинди. Дунё миқёсидаги миллионлаб фойдаланувчилар ҳар куни очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланиш учун идентификациялаш жараёнидан ўтади. Бу вақт синовидан ўтган жаҳон тажрибаси ҳисобланади.

Роман Бондарчук, ЎзА
5 838