ЎзА Ўзбек

27.08.2018 09:35 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда музей экспонатларининг рақамли шакллари яратилади

Ўзбекистонда музей экспонатларининг рақамли шакллари яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августда “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, музейларда реновация дастури эксперимент сифатида амалга оширилади.

Дастур қуйидагиларни назарда тутади:

• ўзини ўзи таъминлаш принципига асосланган музейларни молиялаштириш моделини жорий этиш;

• “smart”-технологияларни (ахборот дўкончалари, 3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказоларни) жорий этиш;

• Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш;

• музейларнинг ижтимоий маконга тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш;

• музейларда имкониятлари чекланган шахслар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар, мактабгача ёшдаги болалар ва уларга ҳамроҳлик қилаётган шахсларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратишнинг инклюзив услубларидан кенг фойдаланиш;

• музейларда академик тадқиқотларни ривожлантириш.

Реновация дастури Ўзбекистон амалий санъат музейида (Тошкент шаҳри), И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида (Нукус шаҳри) ва Ойбекнинг уй-музейида (Тошкент шаҳри) амалга оширилади.

ЎзА
3 163