ЎзА Ўзбек

08.06.2018 18:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда кобейджинг пластик карталари жорий этилади

Ўзбекистонда кобейджинг пластик карталари жорий этилади
Ягона умумреспублика процессинг маркази ва «UnionPay International» халқаро тўлов тизими ўртасида кобейджинг карталарини муомалага чиқариш бўйича илк шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида имзоланди. 

Учрашув «Uzcard» ва «UnionPay International» ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган. Учрашув доирасида иккита тўлов тизимини қабул қиладиган кобейджинг карталарини чиқаришга оид масалалар муҳокама қилинди. Дуал карталарни муомалага чиқариш бўйича биринчи аъзо-банкни аниқлаш келишувнинг муҳим бандларидан бири бўлди. Натижада «Aloqabank» танланиб, айнан унда UnionPay Internationalнинг илк кобейджинг карталари чиқарилади. 

Имзоланган келишув «Uzcard» ягона тўлов тизими орқали дуал карталардан нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки чет элда ҳам «UnionPay International» тўлов тизими ёрдамида фойдаланиш имконини беради. 

Шу сабаб Uzcard компанияси UnionPay International билан ҳамкорликда қатор талабларни бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда пластик карталарни чиқариш учун ускуналар харид қилинмоқда. Бугунги кунда юқорида кўрсатилган келишув иштирокчилари билан ҳамкорликда синов тартибида илк кобейджинг карталари чиқарилмоқда. 

Шунингдек, барча электрон дастурий техник ускуна терминалларининг дастурий таъминотини қайта созлаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Бу эса яқин кунларда барча электрон дастурий техник ускуна терминаллари «UnionPay International»нинг халқаро карталарини қабул қилишини англатади. «Uzсard» карталарини қабул қилувчи барча банкоматлар халқаро сертификациядан ўтган ва UnionPay карталарига хизмат қилишга тайёрланмоқда. Банкоматлар кечаю кундуз ишлашини ҳисобга олиб, улардан қай бири UnionPay карталарини қабул қилишини қурилмага ёпиштирилган логотип ёрдамида аниқлаш мумкин. 

Бундан ташқари, энди мамлакатимизга саёҳат қилиш истагида бўлган сайёҳлар маҳаллий пул бирлигини банкоматлар орқали ечиб олишлари ва UnionPay пластик карталари ёрдамида электрон дастурий техник ускуна орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин. 

Кобейджинг карталари оддий карталардан нимаси билан фарқ қилади? Уларнинг асосий хусусияти бир қанча тўлов тизимидан фойдаланишдадир. Бундай картанинг олд томонида улар уланган тўлов тизими логотиплари мавжуд. Кобейджинг карталарини чиқариш учун икки тўлов тизими ўртасида ўзаро битим тузилиши керак. Шундан сўнг банклар, уларнинг тегишли тўлов тизимларида ишлашини кафолатлаган ҳолда пластик карталарни чиқаради. Бунда иккала тизим ҳам битта карта ҳисобрақами билан ишлайди. 

Кобейджинг карталари фойдаланувчилар, тўлов тизимлари, уларни чиқараётган банкларга ҳам бирдек фойда келтиради. Бундай карта эгаси бир вақтнинг ўзида бир нечта қулайликларга эга бўлади. Биринчидан, кобейджинг карталаридан ўз мамлакати чегарасида ҳам фойдаланиш мумкин (масалан, агар бир уланган тизим Visa, MasterCard, UnionPay бўлса). Бунда ҳеч қандай созлама ёки қўшимча ҳаракатлар талаб этилмайди – фақатгина савдо нуқтаси тўлов тизимларидан бири билан ишлаётганига ишонч ҳосил қилиш кифоя. Иккинчидан, агар мамлакатда хорижий тўлов тизимидан бири ишлашдан тўхтаса, маҳаллий тўлов тизимидан фойдаланиш имконияти сақланиб қолади. Учинчидан, карта эгаси бир картадан фойдалана туриб, ҳар бир тўлов тизимидаги имтиёзларни қўлга киритади.

Энди Ўзбекистонда фойдаланиш ва чет элда харид қилиш учун иккита турли карталарни очишга ҳожат йўқ. Конверсион карталарини очишга эҳтиёж ҳам қолмайди. Фойдаланувчилар интернет-дўконлардаги ҳаридларни кобейджинг карталари билан тўлашлари ва уни ўзлари билан хорижга олиб кетишлари ҳам мумкин. Магнит чизиғи бўлганлиги сабаб, харидларни картани кардридер бўйлаб ўтказиш орқали осон амалга ошириш мумкин. Бунда, шунингдек, махфий сўзни киритиш орқали тўловни амалга ошириш имконияти сақланиб қолади. 

Роман Бондарчук, ЎзА
9 739