ЎзА Ўзбек

15.08.2018 17:18 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш имконияти кенгайтирилди

Ўзбекистонда хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш имконияти кенгайтирилди
Дин ишлари бўйича қўмита бундан кейин хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар билан доимий ҳамкорлик олиб боради ва уларга ҳар томонлама кўмаклашади.

"Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Қарор билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

Фуқароларнинг хорижий диний таълим муассасаларига ҳужжатлар топшириши, таълим олиши ва таълим муассасаларини тугатганидан кейин иш билан таъминлаши юзасидан тавсиялар бериш ва мурожаатларни кўриб чиқиш Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ тавсия этиладиган хорижий диний таълим муассасаларининг рўйхати ҳар йили 1 январгача Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

Эндиликда хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади.

Дин ишлари бўйича қўмита бундан кейин хорижий диний таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар билан доимий ҳамкорлик олиб боради ва уларга ҳар томонлама кўмаклашади.

ЎзА
6 178