ЎзА Ўзбек

17.09.2018 12:31 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ходимлари қўлини кўксига қўйиб хизмат қилаётган вазирликни биласизми?..

Ўзбекистонда ходимлари қўлини кўксига қўйиб хизмат қилаётган вазирликни биласизми?..


МЕНИНГ ФИКРИМ

Жамиятда ҳар бир киши ўз хизмат вазифасига фақат мажбурият нуқтаи назаридангина ёндашар экан, қадамлар силжимайди. Агар масъулият билан ёндашилса, ишидан иддао қилмаса, ўз манфаатидан кўпникини устун қўя билса, бундай тизим шаклланган жойда иш ҳам олға силжийди. 

Мен шу кунларда Адлия вазирлигида олиб борилаётган ишлар – “олға силжиш”ларнинг кичик бир намунасини кузатиб турибман. Аввало, бинонинг янгича кўриниши эътиборимни тортади. Унда миллийлик ва замонавийлик бир нуқтада уйғунлашганини кўраман. Бироқ сўзим бу ҳақда эмас. 

Бир гал вазирликнинг мен таниган масъул ходими билан суҳбатимиз узоқ чўзилди. У менга “Мутлақо янгича стандартлар асосида ишлаяпмиз”, деб вазирликда амалга ошаётган янгиликлардан сўз очди. Сўнгра “...ҳар ким эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт”лиги ҳақида фикрлашдик. Гарчи уни кўпдан буён танисам-да, негадир шу сафар сўзларига бироз ишонқирамадим. Чунки у айтаётган ишларнинг кўлами шу қадар кенг эдики, бир кун, бир ҳафта ёки бир ойда уддасидан чиқиладиган жараён эмас. Энди ўйласам, тизим у айтганидек янгича қиёфа касб этиб улгурган. 

Фикримни вазирлик Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” рейтинги бўйича 1-ўринга лойиқ деб топилгани мисолида ҳам изоҳлашим мумкин. Рейтинг натижаларига кўра, мамлакатдаги 45 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида 88,12 балл билан муваффақият қозониши замирида соҳада амалга оширилаётган ишлар самарасини сезиш қийин эмас. Ундан кейинги ўринни катта фарқ билан ахборот технологиялари соҳасида масъул вазирлик эгаллаб турибди. 

Журналист сифатида, умуман, касбим нуқтаи назаридан ижтимоий тармоқларга кўп мурожаат қиламан. Айниқса, ҳуқуқ соҳасида кечаётган жараёнлар билан мунтазам танишиб боришга эҳтиёж сезаман. Бу борада вазирликнинг “Telegram” мессенжерида “Huquqiy axborot” канали орқали янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти билан тезкор, содда ва халқчил танишиб бориш имконияти мавжуд. Канал аъзолари кун сайин эмас, соат сайин ошиб бораётгани ҳам фикрим исботи. “Қонунчиликдаги янгиликлар”, “Сўраган эдингиз”, “Биласизми?” каби махсус рукнлар остида аҳоли учун муҳим масалаларга мурожаат этилиши, уларга тўлиқ ва батафсил жавоб берилиши, изоҳлар қолдирилиши асносида ҳам тезкорлик, очиқлик тамойилига амал қилинишини кўрамиз. 

Эътиборлиси, ижтимоий тармоқларда “Адлия билан мулоқот” гуруҳи орқали ҳам соҳа фаолиятидан кенгроқ бохабар бўлиш, шунингдек, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида дарҳол хабар бериш имкони мавжуд. Ёки бўлмаса, мунтазам ташкил этиб келинаётган “Адлия ахбороти” брифингини олайлик. Мен уни ҳафта давомида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари билан танишиб боришнинг энг самарали йўли, деб тушунаман. Тан олишимиз керак, кўпчилигимиз қандай қонун қабул қилинаётгани, у бизга қандай имтиёзлар бериши каби жиҳатларда бироз лоқайдроқмиз. “Адлия ахбороти”да неча бор иштирок этган бўлсам, ўзим учун керакли саволларга жавоб олганман. 

Яна бир муҳим жиҳат, вазирликда мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш мақсадида “CALL CENTER” ташкил қилинганидир. Ушбу ишонч телефони ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатаётгани, қолаверса, унга республиканинг исталган ҳудудидан 1008 қисқа рақамини териб боғланиш мумкинлиги ҳам ахборот олишнинг очиқ ва шаффоф эканини таъминлайди. 

Умуман, бу каби саъй-ҳаракатлар асосида, жумладан, “Очиқлик индекси” натижаларида ҳам адлия вазирининг “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак”, “ходимларимиз қўлини кўксига қўйиб хизмат қилиши шарт” деган тамойилга оғишмай амал қилинаётгани англашилади. Вазирликнинг аҳоли ҳуқуқий онгини янада ривожлантириш, ҳуқуқий маданиятни ўстириш йўлида амалга ошираётган лойиҳалари, илғор ғоя ва ташаббуслари бардавом бўлишида тилакдошмиз.

Фарҳод Умаров,
журналист

ЎзА
7 547