ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда халқаро арбитражни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди

Ўзбекистонда халқаро арбитражни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда арбитражнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир БМТ Тарақиёт дастури, USAID халқаро ташкилоти ҳамкорлигида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси шафелигида ташкил этилди.

Конференцияда парламент аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, мутахассислар, ҳуқуқшунос олимлар, миллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Матильда Димовска сўнгги йилларда Ўзбекистонда юқори даражада қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, сармоядорлар, айниқса, хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

2018 йилда 18 та давлатлараро ташрифлар амалга оширилди ва 50 миллиард АҚШ долларига тенг инвестициявий келишувларга эришилди. Бугунги кунда юртимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йилги Давлат дастурига асосан барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоизга кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.

Ушбу вазифаларнинг ижросига сўзсиз қонун устуворлиги принципини амалга оширишнинг механизм ва институтлари сифатини яхшилаш орқали эришиш мумкин.

Мулк ҳуқуқининг ишончли таъминланганлиги тадбиркорлик фаоллигининг муҳим фактори бўлиб, иқтисодий ўсишнинг асоси ҳисобланади. Шу маънода, чет эл инвесторлари ҳуқуқларининг юқори даражада ҳимоялангани уларнинг инвестиция киритиш бўйича фаоллиги ошишининг асосий мезонидир. 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш механизмининг жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 ноябрдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж маркази фаолият кўрсатмоқда.

Конференцияда Тошкент халқаро арбитраж маркази директори Диана Байзакова марказ фаолияти, иқтисодий самарадорликка эришиш истиқболлари хусусида тўхталиб ўтди. 

Турли давлатларда жойлашган тижорат ташкилотлари, шу жумладан, хорижий инвесторлар ўртасида юзага келадиган шартномавий ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, хусусан, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш механизмларни такомиллаштириш марказнинг асосий вазифаси сифатида белгиланган.

Тадбирда Ўзбекистонда арбитражнинг қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

– Арбитраж соҳасидаги муҳим омиллар ва жиҳатлар Гонгконг халқаро арбитраж маркази томонидан жорий қилинган, – дейди Гонгконг халқаро арбитраж маркази директорининг бизнесни ривожлантириш бўйича ўринбосари Киран Сангҳера. – Ўйлайманки, Тошкент халқаро арбитраж марказида ҳам бу жиҳатлар жорий этилмоқда. Биринчи навбатда марказнинг холислиги, бетарафлиги ҳамда ундаги ташкилий тузилмалар тартиб-қоидаларининг ошкоралигига алоҳида эътибор бериш лозим. Марказ ташкилий тузилмаси фаолияти ҳамма учун аниқ, яққол кўриниб туриши лозим. Иккинчи жиҳати шундаки, марказ ходимларининг малакаси юқори бўлиши керак. Бу кўриладиган баҳсларнинг самарали ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади. 

Анжуман якунида Тошкент халқаро арбитраж маркази ва Гонконг халқаро арбитраж маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

11 207
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА