ЎзА Ўзбек

27.07.2018 13:14 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда илк марта давлат хизматчиси масъулиятсизлиги учун салкам 1 миллион сўм жарима тўлади

Ўзбекистонда илк марта давлат хизматчиси масъулиятсизлиги учун салкам 1 миллион сўм жарима тўлади
Давлат хизматлари кўрсатиш органларига мурожаат қилган шахслар кўпинча ўзларига кўрсатилган хизматдан мамнун бўлмайди.

Одамлар навбат пойлаб, бир идоранинг курсисида ўтирган ходим олдига кирар экан, унинг оғзига қараб, чўчиб туради. Бу вазият кўпчилигимизнинг бошимиздан ўтган. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун 2018 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. 

uza.uz мухбирининг давлат хизматлари агентлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимидан олган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 27 июль кунида мазкур қонунни бузган давлат ходимига жарима белгиланган.

Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги масъул ходими давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан маъмурий жаримага тортилди. Унга кўра, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги масъул ходими энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, яъни 921 500 сўм миқдорида жарима тўлади. 

Эндиликда давлат хизматлари ходимларининг фуқаролар олдидаги масъулиятлари ортади, деб умид қиламиз.

ЎзА
9 739