Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 14:38 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда илк бор конкур бўйича жаҳон кубоги финал босқичи ўтказилмоқда

Ўзбекистонда илк бор конкур бўйича жаҳон кубоги финал босқичи ўтказилмоқда

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти клубида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича жаҳон кубоги финал босқичига старт берилди.

51a29f9c-c79c-4d58-92e3-27465b4c1100.jpg

Шу муносабат билан мазкур от спорти клубида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

90cd5d6f-7f6e-404a-ab51-e1e17b2fae71.jpg

Халқаро от спорти федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакиллари томонидан Ўзбекистонда от спорти ва йилқичиликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, ўзбекистонлик спортчилар халқаро от спортида ўз ўрнига эга экани таъкидланди.

1195cadb-fbe1-4a0c-81df-46cc09ad4c64.jpg

Мазкур нуфузли мусобақанинг финал босқичи илк бор Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб мамлакатимизда ўтказилмоқда. Мазкур мусобақанинг 2018 йилги финал баҳсига Португалия, Эквадор ва бир қатор Жанубий Америка қитъаси давлатлари билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам мезбонлик қилиш учун номзодлар рўйхатига киритилган эди. Халқаро от спорти федерациясининг 2017 йил ноябрь ойида Уругвай пойтахти Монтевидео шаҳрида ўтказилган Бош Ассамблеясида сайлов йўли билан Ўзбекистон номзоди навбатдаги жаҳон кубогининг финал босқичига мезбонлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган эди.

d997955e-a428-416c-a052-075b758ca35e.jpg

Мусобақанинг финал босқичида дунёнинг 16 давлатидан 19 спортчи ғолиблик учун ўзаро беллашади. Мамлакатимиз шарафини моҳир чавандозлар – Абдушукур Собиржонов ва Саидамирхон Турғунбоев ҳимоя қилади.

Матбуот анжуманидан сўнг мусобақанинг финал босқичига расман старт берилди.

А.Худойқулов, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА