ЎзА Ўзбек

12.06.2019 20:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда Германиянинг тиббиёт соҳасидаги тажрибаси татбиқ этилади

Ўзбекистонда Германиянинг тиббиёт соҳасидаги тажрибаси татбиқ этилади

Инновацион ривожланиш вазирлигининг таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Бахтинур Худанов 3-11 июнь кунлари Германия Федератив Республикасининг Виттен/Хердекке университетида бўлиб, университет раҳбарияти билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш бўйича билан музокара ўтказди.

Хусусан, университет вице-президенти Ян Эхлерс ва махсус стоматологик хизмат кафедраси мудири, профессор Андреас Шульте билан ҳозир жаҳонда кенг қўлланилаётган телетиббиёт йўналиши бўйича инновацияларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашув давомида Германия тиббиёти, тиббий таълимдаги эришилган натижалар, инновациялар ҳақида фикр алмашилди. Уларни юртимизга жорий қилиш бўйича келишувларга эришилди.

photo5190625637331741490.jpg

Германиялик мутахассислар билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида ташкил этилиши режалаштирилаётган телетиббиётга асосланган инновацион клиникаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Экспертлар ушбу лойиҳага юқори баҳо бериб, у чекка ҳудуддаги аҳолининг вақт ва маблағини тежашга, шу билан бирга ташхис қўйиш ва маслаҳат бериш сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Ушбу тизим Австралия, АҚШ, Нидерландия, Германия, Ҳиндистон каби давлатларда кенг қўлланилади.

Ўзбекистон аҳолисининг стоматологик касалликлар, хусусан, кариес ва унинг асоратларига чалинишини ўрганиш бўйича ишлар узоқ вақтдан бери тўхтаб қолгани, бу стоматологик касалликларни аниқлаш, уларга қарши профилактик чора-тадбирлар қўллашни қийинлаштираётгани қайд қилинди. Ушбу соҳада илмий изланишлар олиб бориш учун хорижий молия институтлари грантларини жалб қилиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар бошланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

ЎзА
4 156