ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш тизими таҳлили: муаммо ва ечимлар

Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш тизими таҳлили: муаммо ва ечимлар

Миллий менталитетимизга хос бўлган “болажонлик” ҳақида гапирилганда одатда бундай бағрикенгликнинг юксак намунаси бўлган, иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатларнинг етим қолган болаларини асраб олиб, таълим-тарбия берган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи эсланади.

Бугунги тезкор ахборот асрида яшар эканмиз ҳар сонияда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан баъзан даҳшатга тушамиз. Жамиятимизда ўз жигарпорасини сотаётган ёки калтаклаб намойиш этаётган ёхуд ўлдириб сувга оқизаётган “ота” ва “она”лар кўпаяётганини нима билан изоҳлаш мумкин? Ёхуд бефарзандлиги туфайли осонгина ажрашиб кетаётган оилаларчи?

Фуқароларимизнинг аксарият мурожаатларида ҳам фарзанд асраб олиш тизимидаги бюрократиянинг мавжудлиги ва бундан “манфаатдорлик” мавжуд муаммолар ечимига тўсиқ бўлаётганлиги таъкидланади.

Мазкур масалалар юзасидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтида миллий ҳамда хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлил қилди.

Дарҳақиқат, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан фарзандликка бериш тартиби мураккаб ҳамда кўп ҳужжатлар талаб қилинади.

Ўзбекистон Республикасида фарзандликка олиш Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

Мазкур қонун ҳужжатларини ўрганиш натижасида бир қатор ҳуқуқий бўшлиқлар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Хусусан:

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомнинг бир қатор нормалари Оила кодексида белгиланган қоидаларга тўғри келмайди. Жумладан, Оила кодексининг 151-моддаси кўра, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

Бунинг натижасида, қайси орган томонидан фарзандликка олишни расмийлаштириш, шу жумладан, фарзандликка бериш ҳақида қарор қабул қилиш масаласида тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Иккинчидан, Оила кодекси 152-моддасида вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги белгиланган бўлиб,

мазкур талаблар фарзандликка олинувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла даражада ҳимоя қила олмайди. Бошқача айтганда, фарзандликка олувчи шахслар қўйиладиган талаблар қайта кўриб чиқилиши керак. Бунда уларнинг ёши чегараси, оилавий ҳолати ҳам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ.

Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасига шуни кўрсатадики, Жанубий Кореяда турмуш қурмаган шахсларнинг болаларни фарзандликка олиши тақиқланган. Фарзандликка олган ота-оналар эса 25-45 ёш оралиғида бўлиши лозим. Шунингдек, эр-хотин олий маълумотли, никоҳ тузилган даврдан бошлаб, камида уч йил ўтган бўлиши ҳамда ўтган давр мобайнида бир мартадан ортиқ ажрашмаган бўлиши талаб этилади.

Германияда ҳам болани эр-хотинлар биргаликда фарзандликка олишлари мумкинлиги белгиланган бўлиб,фарзандликка олувчиларнинг ёшига нисбатан ценз ўрнатилган (аёллар учун – 21 ёш, эркаклар учун –  25 ёш). Суд амалиётига кўра, болалар кўпроқ 35-40 ёшдан ошмаган эр-хотинларга фарзандликка берилади.

АҚШда амалдаги тартибга кўра, эр-хотиннинг турмуш қурганига камида икки йил бўлган бўлиши лозим. Агар турмуш қурмаган эркак ва аёл фарзандликка олиш бўйича мурожаат қилган бўлса, уларнинг ёши 25 ёшдан кичик бўлмаслиги керак.

Хитой Халқ Республикасининг 2007 йил 1 майдан бошлаб кучга кирган “Фарзандликка олиш тўғрисидаги қоидалари”га кўра, фарзандликка олувчиларнинг ёши 30-50 ёш оралиғида бўлиши лозим.

 Болалар ўзаро никоҳда ҳамда мазкур никоҳда икки йилдан бери яшаб келаётган ва аввал икки мартадан ортиқ никоҳдан ажрашмаган шахсларга фарзандликка берилади. Ўзаро никоҳда бўлмаган якка шахсларга, шунингдек тана оғирлиги белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган шахсларга фарзандликка бериш тақиқланади.

Учинчидан, васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича алоҳида махсус ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги ва меҳрибонлик уйлари устидан етарлича назорат ўрнатилмаганлиги сабабли нохуш ҳолатлар кузатилмоқда.

Маълумот учун: 2018 йилнинг май ойида Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйида аниқланган ҳолатларга кўра мазкур меҳрибонлик уйининг бир қатор раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишига муассасанинг 10 нафар ходими айбланувчи тариқасида жалб этилган. Уларга нисбатан ЖКнинг 110, 115, 127, 129 ҳамда 167-моддалари билан айб эълон қилинган.

Хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасига қарайдиган бўлсак, Беларусь Республикасида фарзандликка олинган болалар ҳисобини юритиш халқ таълими бошқармалари (бўлимлари) ва Халқ таълими вазирлигининг Фарзандликка олиш миллий маркази томонидан амалга оширилади, ҳудудларда Марказнинг вакиллари иш олиб боради.

Германия Федератив Республикасида эса, аҳолиси олтмиш минг ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир шаҳар (туман)да болалар ва ёшлар масалалари билан шуғулланадиган ҳамда кенг ваколатларга эга бўлган махсус органлар (Jugentum) ташкил этилган. Ушбу орган таркибига васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича кенгаш мавжуд бўлиб, Кенгаш болаларнинг мактабдан ташқари таълим олиши ва болалар уйлари билан боғлиқ турли масалалар бўйича иш олиб боради.

Тўртинчидан, фарзандликка олиш тизими очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи қоидалар белгиланмаган. Хусусан, фарзандликка олиш учун ҳужжатларни масофадан туриб топшириш, фарзандликка олиш мумкин бўлган болалар тўғрисида маълумотлар олиш имконияти яратилмаган.

Ушбу масала юзасидан хорижий давлатлар қонунчилигига мурожаат қиладиган бўлсак, Россия Федерациясида фарзандликка олиш масалалари Ҳукуматнинг 2000 йил 29 мартдаги 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Россия Федерацияси ҳудудида болаларни фарзандликка олишга бериш ва уларнинг яшаш шароитлари ҳамда фарзандликка олганлар оиласидаги тарбияси устидан назоратни амалга ошириш қоидалари” билан тартибга солинган бўлиб, унда фарзандликка олиш масалаларида электрон ахборот алмашиш тизимидан фойдаланиш бўйича бир қатор нормалар келтирилган.

АҚШда Конгресс қарорига мувофиқ, фарзандликка олувчиларга керакли ахборотни излаб топишга ёрдам бериш мақсадида Фарзандликка олиш бўйича миллий ахборот палатаси ташкил этилган. Палата фарзандликка олувчилар учун брошюралар, буклетлар ва бошқа материаллар тайёрлаш, уларни тарқатиш, агентликларга мурожаат қилиш бўйича маълумотлар бериш каби вазифалар билан шуғулланади.

Бешинчидан, режалаштирилмаган ҳомила натижасида туғилган болалардан фуқаролар улар туғилган вақтдаёқ воз кечиш ёки улар бир ёшга тўлмасданоқ сотишга уриниш ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган 6 ойлик даври мобайнида туғруқ комплексларида фуқаролар томонидан 211 та ҳолатда ўз фарзандидан воз кечиш ҳолатлари қайд этилган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, чақалоқларни сотишга уриниш ҳолати бўйича 2018 йилда 25 та, 2019 йилнинг саккиз ойи мобайнида 23 та жиноят иши қўзғатилган.

Олтинчидан, қонунчиликда фарзандликка олишнинг соддалаштирилган тартиби мавжуд эмас. Мазкур ҳолат яқин қариндошлар томонидан фарзандликка олиш тартибининг одатдаги тартиби билан бир хил жараёнлардан ўтишига, расмийлаштириш муддатларининг узайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли болаларни фарзандликка олишдан кўра, васийликка олиш ҳолатлари сони ошиб бормоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг маълумотларга кўра, 2019 йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида 1785 нафар бола фарзандликка, 2439 нафари васийликка, 1085 нафари ҳомийликка, 114 нафари оилага (патронат) тарбияга берилган.

Хорижий давлатлар, жумладан Қозоғистон Республикаси қонунчилигига қарайдиган бўлсак, Қозоғистон Республикаси қонунчилигида болаларни уларнинг яқин қариндошлари томонидан фарзандликка олишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган. Шунингдек, чет эл фуқаролари томонидан Қозоғистон Республикаси фуқароларини фарзандликка олишнинг тартиби ҳам алоҳида белгиланган.

Еттинчидан, болаларни фарзандликка бериш ёки олиш тўғрисида якуний қарорга келинишини таъминлаш ҳамда уларнинг фарзандликка олинаётган оилада ўзи хоҳлаганидек ҳаёт кечириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилиш учун болани фарзандликка олган шахслар учун синов муддатини бериш тартиби мавжуд эмас.

Масалан, Германия Федератив Республикасида фарзандликка олишда хатоликка йўл қўйишнинг олдини олиш учун болани фарзандликка беришдан аввал “ғамхўрлик вақти” ёки “қўшимча вақт” деб аталувчи (қоида тариқасида бу муддат бир йилгача давом этади) вақт жорий этилган. Мазкур вақт якунида боланинг у фарзандликка олинаётган оилага қанчалик мослашганлиги, бу оилага бериш ҳақиқатдан ҳам унинг фойдаси эканлиги тўғрисида хулоса қилинади.

Малайзияда эса “Фарзандликка олиш тўғрисида”ги қонун (унинг нормалари аҳолининг ислом динига эътиқод қилувчи қатламига нисбатан татбиқ этилмайди) амалда бўлиб, унга кўра, фарзандликка олиш суд тартибида амалга оширилади.Шунингдек, суд томонидан оралиқ буйруқлар чиқарилиши мумкин. Мазкур буйруққа мувофиқ суд болани фарзандликка олиш ҳақиқатдан ҳам унинг манфаатларига мослигини аниқлаш мақсадида 6 ойдан кам, лекин икки йилдан кўп бўлмаган муддатга болага ғамхўрлик қилиш даврини белгилайди.

Юқорида кўрсатилган ҳуқуқий бўшлиқлар ва қонунчиликдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳамда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, қуйидагилар таклиф этилади:

1. “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом нормаларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирган ҳолда фарзандликка олиш суд томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш;

2. Фарзандликка олувчилар учун қўйиладиган талабларни уларнинг ёш, оилавий аҳволидан келиб чиқиб, кенгайтириш, бунда:

фарзандликка олишга номзодлар учун белгиланган ёшнинг энг кичик даражасини белгилаш;

оиланинг моддий ва ижтимоий аҳволини, шу жумладан, муқим яшаш жойига эга бўлиши ҳамда муқаддам никоҳдан ажралган шахслар томонидан болаларни фарзандликка олишнинг тартибини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш;

3. Халқ таълим вазирлиги ҳузурида ёки ундан мустақил равишда васийлик ва ҳомийлик масалалари билан шуғулланувчи алоҳида органни ташкил этиш;

4. Фарзандликка олишни истовчилар учун янада қулайлик яратиш ҳамда ўзаро манфаатлар тўқнашувини камайтириш мақсадида фарзандликка олиш бўйича тегишли ҳужжатларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда ва ҳудудий давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартибини жорий қилиш;

5. Режалаштирилмаган ҳомила натижасида юзага келаётган ноҳуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида бир ёшгача бўлган болаларни фарзандликка беришнинг алоҳида тартибини жорий қилиш, бунда фарзандликка олишнинг “оиладан оилага” тизимини яратиш лозим. Бу тизим туғруқ комплексларида ўз фарзандидан воз кечиш ва боласини сотишга уриниш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур ҳолатда болани фарзандликка бериш ҳеч қандай моддий манфаатни кўзламаган ҳолда суд томонидан амалга оширилиши;

6. Қонунчиликда фарзандликка олишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаш;

7. Болаларни фарзандликка бериш ёки олиш тўғрисида якуний қарорга келинишини таъминлаш, уларнинг фарзандликка олинаётган оилада ўзи хоҳлаганидек ҳаёт кечириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида болани фарзандликка олган шахслар учун синов муддатини белгилаш ёки маълум муддатга патронатга бериш тартибини жорий этиш лозим.

А.Ш.Сафарова,
Н.Тошканов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходимлари

1 122
ЎзА