ЎзА Ўзбек

08.08.2018 16:22 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда фармацевтика корхоналари яна биттага кўпайди

Ўзбекистонда фармацевтика корхоналари яна биттага кўпайди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Zinnur servis pharm” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, хавфсиз ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда ҳам бу борада кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, янги турдаги дори воситалари ишлаб чиқариш ва ички бозорни тўлдириш имконияти кенгаймоқда.

Учкўприк туманидаги мазкур корхона йилига 2.5 миллион қадоқ таблетка ва капсула, 200 минг тубик маз маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳа қиймати жами 3 миллиард 100 миллион сўм бўлиб, унинг 1 миллиард 100 миллион сўми Халқ банкининг Учкўприк тумани филиали томонидан ажратилган.

– Корхона Хитой ва Россиядаги етакчи фармацевтика компанияларининг замонавий технологиялари билан жиҳозланди, – дейди “Zinnur servis pharm” МЧЖ раҳбари Ўткирбек Зияталиев. – Жорий йил якунига қадар парацетамол, лоперамид, диазолин, линекс, синафлан каби 10 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Келгусида маҳсулот турини 40-50 тага етказиш режалаштирилган. Корхона тўлиқ иш бошлагач, маҳсулотларнинг бир қисми қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларига экспорт қилинади. 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналиши битирувчилари бандлиги таъминланди. 

М.Сулаймонов, ЎзА
5 681