Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги: реал қадамлар ва халқаро эътироф

Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги: реал қадамлар ва халқаро эътироф
АҚШ тарихида илк бор жорий йил 26 июль куни Вашингтон шаҳрида дин эркинлиги масалалари бўйича вазирлар даражасидаги конференция бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси билан бир қаторда 80 дан ортиқ мамлакат вакиллари – ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди.

Тадбирнинг кун тартибига кўплаб масалалар киритилган эди. Жумладан, диний эркинликларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тенденциялари билан ўзаро боғлиқликда таъминлаш, тажовузкор экстремизмга қарши курашиш хусусида сўз юритилди. Маданий меросни сақлаш, дин баҳонасида зўравонлик қурбони бўлганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятнинг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди.

Юқори даражадаги тадбирда сўзга чиққан АҚШ вице-президенти М.Пенс, АҚШ Давлат котиби М.Помпео, АҚШнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси С.Браунбэк Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, айниқса, эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида муваффақиятларга эришаётганини қайд этиб, Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг мазкур йўналишдаги ислоҳотларни давом эттиришга интилиши қатъий эканини таъкидладилар. Мамлакатимиз ҳаётида реал ўзгаришлар рўй бераётгани конференциянинг бошқа иштирокчилари томонидан ҳам эътироф этилди.

Шубҳасиз, Ўзбекистон бундай эътирофга раҳбариятнинг сиёсий иродаси ва ҳар бир фуқаронинг бевосита ҳаётида ўз аксини топаётган изчил инсонпарварлик сиёсати туфайли эришди.

Биринчи навбатда, давлатимизнинг ушбу муҳим соҳадаги сиёсати Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Стратегиянинг бешинчи йўналишида "Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар" белгиланган.

Стратегиянинг ушбу йўналишида амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилсак, 25 та амалий ислоҳотни амалга оширишни кўзда тутадиган 54 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинганининг ўзи бу борадаги давлат сиёсатида жиддий ўзгаришлар ва ҳақиқий сифат жиҳатидан янгиланишлар миқёсидан далолат беради.

Иккинчидан, мамлакатимиз халқаро шериклар, хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Human Rights Watch, Amnesty International каби ва бошқа дунёга машҳур нотижорат ноҳукумат ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик учун ўз эшикларини очди.

Таъкидлаш жоиз, узоқ йиллардан буён биринчи марта БМТнинг эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга келди. Ушбу ташрифнинг якунлари Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган алоҳида ҳужжатда ўз аксини топди. Мазкур ҳужжат эътиқод эркинлигини таъминлаш, эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва диний ташкилотлар фаолиятини соддалаштиришга қаратилган комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади.

Учинчидан, диний муносабатлар соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилаётган маслаҳат органи – Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш фаолияти янгиланди. Кенгаш таркибига барча 16 диний конфессия раҳбарлари киритилди. 

Тўртинчидан, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг охирги 20 йил давомида ўзгармасдан келган ва замон талабларига мувофиқлаштиришни тақозо этган тартиб-таомили салмоқли даражада соддалаштирилгани бу борада муҳим қадам бўлди.

Масалан, аввалги тартибга мувофиқ, рўйхатга олувчи орган – адлия органлари диний ташкилотларга қонун ёки устав ҳужжатлари бузилганда жарима солиш ҳуқуқига эга эди. Янги низомга асосан ушбу ваколатлар бекор қилинди. Шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сони, ҳисоботлар тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди, диний ташкилотни рўйхатга олиш учун давлат божи миқдори беш баробар камайтирилди ва ҳоказо.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги диний ташкилотларни рўйхатга олувчи орган сифатида ўз вазифаларини бажаришга ёндашувни ўзгартирди. Эндиликда вазирлик ўз вазифасини бюрократик тартибга солиш эмас, балки шериклик асосида ташкил этмоқда. 

Мамлакатимиз ҳудудида 16 диний конфессияга мансуб 2 минг 256 диний ташкилот фаолият юритмоқда. Кейинги 6 ойда 11 диний ташкилот, шу жумладан, Тошкент вилоятидаги "Свет миру" элликкунчилар черкови рўйхатга олинди. Умуман, Ўзбекистон бўйича 175 христианлик ташкилоти, 8 яҳудий, 6 баҳоий жамоалари, "Иегова шоҳидлари", битта Кришна жамияти ва битта Будда ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти мавжуд. 

Бешинчидан, Ўзбекистон диний масалалар билан боғлиқ муаммолари бўлган одамлар ва оилаларнинг "қора рўйхати"дан халос бўлди. Ушбу аллақачон танқидга дучор бўлган рўйхатлар, албатта, расмий реестр хусусиятига эга бўлмаган, лекин одамлар ҳаётига, айниқса, иш топишда ва маҳалла кўмагидан баҳраманд бўлишига салбий таъсир кўрсатар эди. Эзгулик намойиши сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор ўзининг афв этиш ҳуқуқидан фойдаланди. Натижада кўпчилиги диний жиноятлар учун маҳкум этилган 3000 дан ортиқ фуқаро афв этилди. 

Олтинчидан, яқинда "Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Унда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш каби энг муҳим масалалар тартибга солинган. Қонунда республикада барқарорликни таъминлаш, жамиятимизга экстремистик ва бузғунчилик ғояларининг сингишига йўл қўймасликнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлари назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, экстремизмга қарши барвақт курашиш мамлакатимизда алоҳида қонун билан тартибга солинмаган, бу ҳуқуқни қўллаш соҳасида кўплаб муаммоларга олиб келар эди.

Еттинчидан, яна бир муҳим жиҳат – таълим олиш ҳуқуқи Ўзбекистоннинг барча фуқароларига уларнинг динга муносабатидан қатъий назар таъминланади.

Олий ва ўрта диний таълим муассасаларига фуқаролар мажбурий умумий ўрта таълим олганларидан сўнг қабул қилинади.

Диний ўқув масканларида диний фанлардан дарс берувчи шахслар диний таълимга эга бўлишлари лозим.

Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Ислом академияси, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, 9 мадраса, шу жумладан, 2 ихтисослаштирилган аёллар билим юрти, Тошкент православ семинарияси, Тошкент христиан семинарияси каби ўқув даргоҳлари фаолият юритмоқда.

Мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқх, ақида ва тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослаштирилган 5 илмий мактаб очилган.

Шунингдек, Ўзбекистон тўлиқ Инжил христианлари маркази, Ўзбекистон Евангель христиан-баптистлар черковлари уюшмаси ва бошқалар фаолият юритмоқда. 

Саккизинчидан, "Зиёрат туризми"ни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳам Ўзбекистоннинг хайрихоҳлиги ва очиқлигидан далолат беради. Туризм соҳасини сифатли диний-маърифий дастурлар билан бойитиш ишлари олиб борилмоқда. Жаҳон ҳамжамиятига исломнинг ҳақиқий инсонпарвар моҳиятини етказиш, унинг бой меросини асраш ва ўрганишга қаратилган халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда Қуръон, Эски Тавротнинг 16 китоби ва Инжилнинг барча китоблари ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган. Ҳар йили июль ойида апостоллар Петр ва Павел шарафига диний китоблар ярмаркаси ҳамда диний китоблар ва черков буюмлари халқаро кўргазмаси ўтказиб келинмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ишларини фаол давом эттирмоқда.

Хусусан, бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан 20 йил аввал қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, алоҳида идоралараро комиссия муайян жиноятлар, шу жумладан, диний масалалар билан боғлиқ жиноятларни изчил жиноий юрисдикциядан чиқариш устида ишламоқда.

Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон ҳудудида диний материаллар ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласи кун тартибида. Шунга қарамай, фикримизча, давлат импорт қилинаётган диний матнларни экспертиза қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши лозим. Чунки диний адабиётни экспертизадан ўтказиш орқали Конституцияга қарши тарғибот мақсадларида диндан фойдаланиш ҳолатларининг, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олди олинади.

Умуман, Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати замирида давлатнинг дунёвийлиги, дин ва давлат бир-биридан ажратилгани ҳақидаги тамойил ётади.

Халқаро шартномалар давлатга демократик жамиятда зарур бўлган меъёрда диний ҳуқуқларни рўёбга чиқариш билан боғлиқ маълум чекловларни киритиш ҳуқуқини беради. Бундай чекловлар жамоат хавфсизлигига ва тартиби, аҳоли саломатлиги ёки маънавияти, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган таҳдидларга қарши курашиш заруратига мутаносиб бўлиши лозим.

Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати, ўз навбатида, халқаро шартномаларнинг бу борадаги талабларини тўлиқ эътироф этади ва фуқароларнинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш йўлида изчил қадамлар ташлашда давом этади. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, аҳоли билан самарали мулоқот, одамларни ташвишга солаётган муаммоларни очиқ муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш учун изчил чора-тадбирларни амалга ошириш юқорида қайд этилган ишларни бажаришга хизмат қилди. Натижада аҳолининг давлат органларига ишончи, фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сифати ортди, мансабдор шахсларинг одамлар ҳаётига дахлдор қарорлар қабул қилишдаги масъулияти кучайди.

Жамиятни либераллаштириш, инсоннинг, шу жумладан, диний соҳадаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга доир стратегик дастур мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаган ҳолда диний эркинликлар ва конфессиялараро тотувликни таъминлашни назарда тутади.

Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги янги сиёсатининг илк амалий натижаларини фуқароларимиз ўз ҳаётида сезаётгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиши шубҳасиз.

Русланбек Давлетов, 
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири.

ЎзА