ЎзА Ўзбек

06.07.2018 10:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда «E-VISA» тизими жорий этилади

Ўзбекистонда «E-VISA» тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлда “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш тизими – «E-VISA» жорий этилади.

«E-VISA» тизими:

хорижий фуқароларнинг кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат этишларини бекор қилиш;

хорижий фуқарони визани олиш учун мурожаатини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш;

визани расмийлаштиришда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

визаларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш орқали электрон кириш визасини расмийлаштиришнинг марказлаштирилган тизимини яратишни назарда тутади.

Бундан ташқари 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда хорижий фуқароларнинг турли тоифаларига қуйидаги қўшимча виза режимларини жорий қилиш бўйича таклиф киритиш бўйича мутасадди идораларга вазифалар юкланди:

«Silk road» – Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилаётган туристлар учун бошқа мамлакатлар виза белгиларини тан олиш имконияти;

«Vatandosh» – келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларига – беш йиллик виза;

«Golden visa» – йирик хорижий инвесторлар учун – ўн йиллик виза.

ЎзА
8 688