ЎзА Ўзбек

26.07.2018 10:31 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳаси янада ривожланади

Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳаси янада ривожланади
Ҳукумат қарори билан Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқлангани ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Низомга мувофиқ, жамғарма маблағлари божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни олиб чиқишга рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимлар, ихтиёрий ажратмалар, халқаро грантлар ва кредитлар, жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳисобидан шакллантирилади.

Жамғарманинг маблағлари асосан чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳа учун банклардан ажратиладиган кредитлар бўйича кафилликлар бериш, корхоналарда ISO:9001 сифат менежменти тизимини жорий этишни молиялаштириш ва бошқа бир қатор мақсадларда сарфланади.

Низомга кўра, жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан, ярим тайёр чармни экспорт қилишда ундириладиган йиғим маблағларидан фойдаланиш қисми устидан назорат эса Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

ЎзА
3 695