Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 19:33 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда чақалоқларга шахсий идентификация рақами берилади

Ўзбекистонда чақалоқларга шахсий идентификация рақами берилади
2022 йилга қадар ФҲДЁ органларининг архивлари электрон шаклга ўтказилади

2019 йил 1 январдан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида ҳар бир чақалоққа жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилади. Бу Президентимизнинг жорий йил 12 июнда қабул қилинган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, ҳудудий комиссиялар туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилигида 2019 йилнинг 1 июлига қадар қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаши ва ушбу ҳолатларни ФҲДЁ органларида қайд этилишини таъминлаши лозимлиги баён этилган.

Маълум қилинишича, фертиль ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади ҳамда “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими билан интеграция қилинади.

Электрон архивга 2022 йилга қадар фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзувлари ҳам киритилади. Мазкур тизим самарасида ФҲДЁ органлари туғилганлик ва ўлим ҳолатларига оид маълумотлар билан алмашиши мумкин.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик, судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинади.

Давлатимиз томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар халқимиз турмуш даражасини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларига янада яқинлашишга хизмат қилади. Масалан, агарда юртимизда туғилган фуқаро, бугунги кунда бошқа бир мамлакатда истиқомат қилаётган бўлса, у ўша ернинг ўзида ФҲДЁ органларидан маълумотнома олиши мумкин. Худди шундай, маълум сабабларга кўра, чет элда бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам янги қулайликлардан фойдалана олади.

Аблай Камолов, ЎзА
2 478