ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда бугунгача энергия тежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган

Ўзбекистонда бугунгача энергия тежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистонда энергия тежамкор уйлар қуришда янги усуллар” мавзуида тақдимот ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“ЭКОКЛИМАТ” корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда замонавий қурилиш соҳасида арзон уйларни барпо этишда энергия самарадорлигига эришиш, янги тежамкор энергия манбаси ҳисобланган қурилиш молларини ишлаб чиқариш ҳақида сўз юритилди.

Сўнгги йилларда бутун дунё қурилиш саноатида жадал ривожланиш ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Иқлим ўзгаришлари ҳамда иқтисодий эҳтиёжлар турткиси билан янгидан кашф этилаётган инновацион, энергия самарадор ва тежамкор маҳсулотлар бугун қурилиш соҳаси ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда бугунгача энергия тежамкор қурилиш моллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган эди. Бундай маҳсулотлар доимий равишда қиммат нархда хориждан келтирилган. 2016 йилга келиб “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган “Экоклимат” компанияси қурилиш бозори учун тежамкор, энергия самарадор “минерал пахта” маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади. Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулот импорт ҳажмининг кескин тушишига сабаб бўлди. У нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ягона саналади. Шу боис мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энергия тежамкор маҳсулотга қўшни давлатлардан талаб ортиб бормоқда. Маҳсулот Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина каби мамлакатларга экспорт қилинаётир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Ecover – миллий маҳсулотлари уй, офис ва бошқа қурилиш биноларида том остида ингичка қоплама, шифт, девор, хоналар орасидаги деворлар, пол ва ертўла учун фойдаланилади ҳамда ўзидан иссиқликни кам миқдорда ўтказиши сабаб, биноларни қишда иссиқ, ёзда салқин ушлаб туришда энг замонавий ечим ҳисобланади. Маҳсулотлари шовқинни ҳам яхши ушлайди ва намликка бардошли экани боис ҳаммом, сауна, ошхона, кафе ва ресторанлар, иссиқхоналар, бассейнларда ҳам кенг фойдаланилади.

photo5334877053180291695.jpg

Тадбир мамлакатимизда қурилиш ҳамда коммунал соҳада фаолият кўрсатувчи ташкилот, лойиҳалаштириш институтлари учун фойдали маълумотларга бой бўлди. Буни маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда улардан фойдаланишга оид қоидалар бўйича берилган саволлардан ҳам англаш мумкин.

Анжуманда БМТ Тараққиёт дастури вакиллари ҳам иштирок этди.

– Бугунги кунда бутун дунёда аҳоли сони ортиб боряпти. Бу эса қўшимча энергия манбаларини талаб қилади. Тикланмайдиган электр манбалари камайиб бормоқда. Экология эса кун сайин ёмонлашяпти. Шундай бир пайтда бутун дунё чиқиш йўлини қидиряпти. Шу боис уй-жойларни сифатли, энергия тежовчи материаллардан қуриш мақсадга мувофиқ. Бу борада бутун дунёда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бу жараён муайян тизимга солинган. Масалан, Исроилда томида қуёш батареялари ўрнатилмаган уйларни ҳужжатлаштирилмайди, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги Иқлим ўзгаришлари бўйича дастурий мутахассиси Раъно Бойхонова.

Тадбирда иштирокчиларга энергия самарадорлик ва тежамкорлик хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

2 465
ЎзА