ЎзА Ўзбек

03.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда биринчи шатакли кема қурилди

Ўзбекистонда биринчи шатакли кема қурилди

Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ҳузуридаги “Termiz Daryo Porti” масъулияти чекланган жамиятининг кемаларни таъмирлаш устахонасида мамлакатимиз тарихида биринчи шатакчи кема қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ташкил этилганига 63 йил бўлган Термиз дарё порти ҳам бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янги ғояларни амалда жорий эта бошлади.

Мамлакатимизни Афғонистон Ислом Республикаси билан Амударё сув йўли орқали боғлайдиган мазкур порт ҳудудга темир йўл ва автомобиль транспортида олиб келинган халқаро, экспорт-импорт ва транзит юкларини дарё транспорти орқали ташиш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан шуғулланади. Бу ерга келтирилган юклар баржаларга юкланиб, Амударё дарёси орқали дарё транспортида Афғонистонинг “Хайратон” портига қулай нархларда тез, ишончли етказиб берилмоқда.

05.jpg

Дарё порти бир ойда ўртача 25 минг тонна турли халқ хўжалиги юкларини ўтказиш имкониятига эга. Буюк аллома ат-Термизий номи берилган янги шатакчи кема бир йўла 800 тонна юкни ташиш қувватига эга бўлиб, портнинг хизмат кўрсатиш салоҳиятини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Устахонамизда мамлакатимиз тарихида биринчи марта қурилган кема бизнинг имконият ва салоҳиятимизни жиддий синовдан ўтказди, – дейди “Termiz Daryo Porti” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Норқувват Шоназаров. – Барча вазифаларни устахонамиз ишчилари тез, сифатли амалга оширди. Ўз маблағимиз ҳисобидан бажарилган бу лойиҳа келгусида мамлакатимизнинг махсус кемаларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек дарё ва сув омборлари учун балиқчилик кемалари, туристик катерлар қуриш имкониятимиз мавжудлигини амалда кенг намоён этди.

Ватанимизнинг қўшни давлатлар билан чегараси ва чегараолди ҳудудларини ишончли ҳимоя қилиш ва тинч, обод ҳаётимизни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари бўлинмаларининг хизмати беқиёс. “Termiz Daryo Porti” МЧЖ кемаларни таъмирлаш устахонаси нафақат дарё портида мавжуд дарё транспорти балки, ҳарбий қисмнинг сузиш воситалари ва жанговар техникаларини сифатли таъмирлаб, сузиш воситаларининг ҳамиша соз ҳолатда бўлишини таъминлаётир. Чегарачиларнинг жанговар тайёргарлигини қўллаб-қувватламоқда. Янги қурилган “ТД-600” русумли шатакчи кема Термиз дарё портида ҳозир фойдаланилаётган сув транспортларидан икки баравар кучлилиги билан ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.

06.jpg

Истиқлол шарофати билан дарё порти сузиш воситаларидан фойдаланиш ва уларни мустақил таъмирлаш бўйича бой тажриба тўплаб, юкларни ташиш ҳажмини кенгайтириш чора-тадбирларини белгилаб олди. Қарийб ўн бир ойда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу кема ҳам Ўзбекистондаги ягона дарё порти жамоаси сўнгги йилларда режалаштирган эзгу вазифалар ижросининг амалдаги самарасидир. Бундай масъулиятли ва шарафли вазифани бажаришда устахонада меҳнат қилаётган олтмишга яқин қўли гул ишчиларнинг барчаси фаол иштирок этди.

-Кеманинг узоқ муддат ишончли хизмат қилишини таъминлашда уни зангга чидамли буёқ билан бўяш муҳим аҳамият касб этади, – дейди буёқчи-уста Дилшод Муҳаммадиев. – Коррозия сувдаги кема қобиғини емирмаслиги учун махсус буёқ ишлатилади. Шу боис уни бўяш учун пойтахтдан бир неча рангдаги махсус буёқ олиб келинди. Янги кемага ана шу буёқларни ишлатдик. Қаранг, у буёқлар кемага ўзгача ялтироқ ранг бериб, чиройини янада очди. Биз ўзимиз қурган илк дарё транспортимиз шундай чиройли, кўркам бўлганидан фахрланамиз.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Термиз дарё порти ишчилари, чегарачилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда инновацион ғоя ва технологияларни кенг жорий этиш, хўжалик юритувчи субьектларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиши орқали миллий иқтисодиётимизни юксалтириш, Ватанимиз куч-қудратини янада мустаҳкамлаш борасида яратилаётган қулай муҳит юртимиз ободлиги ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

011.jpg

Тантанали тадбир якунида Ўзбекистонда қурилган ат–Термизий номли янги шатакли кема Амударёга туширилиб, унинг тез, сифатли ва қулай хизмат кўрсатишига оқ йўл тиланди.

Тадбирда Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Маҳмудов, ДХХ раиси ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондони, генерал майор Р.Мирзаев иштирок этди.

012.jpg

3 972
Х.МАМАТРАЙИМОВ, Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА