ЎзА Ўзбек

08.11.2018 20:34 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда “бахт мактаблари“ ташкил этилади

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган 14 умумтаълим мактабининг ўқитувчи ва психологлари ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари билан ишлашда замонавий психологик ва педагогик технологияларга бағишланган семинар-тренингда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрди.

Айнан улар учун Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда уч кунлик ўқув курси ишлаб чиқилди. У ўз ичига БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг “Мустаҳкам оила“ дастури бўйича тренингни қамраб олган бўлиб, ўқувчилар билан ишлашни яхшилаш, ўқитувчиларда ижтимоий-психологик кўникмаларни ривожлантириш, ота-оналар билан самарали мулоқот қилиш масалаларида халқ таълими мутахассисларининг педагогик компетентлигини оширишга йўналтирилган. Шунинг учун янги лойиҳа “Бахт мактаблари“ деб номланди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, “Бахт мактаблари“ лойиҳасида иштирок этиш учун мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятидан биттадан синов мактаби танлаб олинди. Амалга оширилаётган лойиҳанинг иккинчи босқичида ўзининг касбий маҳоратини ошириш учун Тошкентга келган 70 нафар педагог танланди. Улар олдида мураккаб вазифа – бор-йўғи уч кун ичида ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини руҳлантириш, уларнинг фаолияти, ўқиши ва ҳаётини бахтга тўлдиришга ўргатиш каби вазифа қўйилди. Бу масалада уларга малакали чет эл ва маҳаллий психологлар ёрдам берди.

Ўсмирларнинг мактаб қоидалари ва тартибларига амал қилиши, ўқувчилар ўртасида шафқатсизлик ва зўравонлик, жиноятчилик ҳаракатлари профилактикаси ва уларнинг олдини олишни рағбатлантириш услубларини кўриб чиқиш тренингнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Мутахассислар мактабда тақиқланган зарарли одатларга қарши курашиш соҳасидаги сўнгги тадқиқотларни алоҳида муҳокама қилдилар. Бу йўналишда муҳим ижтимоий институт сифатида оиладаги психологик муҳитни яхшилаш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Демак, педагог иши нафақат муайян ўқув фанларидан сабоқ бериш, балки муҳим оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган бўлиши шарт.

Янги билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар ўз мактабларига қайтади. У ерда улар ёрдамга муҳтож оилалар ва феъл-атворида айрим муаммолар мавжуд ўсмирлар учун етти ҳафталик тренинглар ўтказади. Шу билан бирга “Ўз устида ишлаш куни“ доирасида синов мактаблари мутахассислари мамлакат бўйлаб ҳамкасблари билан жамоада ва ёшлар билан ишлашда стрессга чидамлиликка доир тажриба ва билимлари билан ўртоқлашади. Шу орқали улар уч кунлик семинар доирасида эга бўлган билимларини амалиётда мунтазам қўллашлари мумкин бўлади. Сўнгги икки йил ичида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг “Мустаҳкам оила“ дастури Тошкент шаҳрининг 19 та мактабида муваффақиятли амалга оширилиб, ижобий натижалар берганини таъкидлаш зарур.

Якуний босқичда “Бахт мактаблари“ лойиҳасини кенгайтиришнинг “йўл харитаси“ ишлаб чиқилиб, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида шундай мактаблар негизида мураббийлар учун уч кунлик босқичма-босқич тренинглар ўтказилади.



Роман Бондарчук, ЎзА
1 507