Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 10:52 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда қатор тизим ходимларининг ойлик иш ҳақлари оширилди

Ўзбекистонда қатор тизим ходимларининг ойлик иш ҳақлари оширилди

2018 йил 1 августдан айрим соҳа вакилларининг ойлик маоши кўтарилди

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг @huquqiy_axborot канали маълум қилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдори 2 баравар оширилди.

Бундан ташқари, “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга биноан белгиланган судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ойлик иш ҳақини ошириш бўйича белгиланган нормалар ҳам бугундан кучга кирди.

2018 йил 1 августдан бошлаб солиқ органлари ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган миқдорда қўлланилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга ҳам лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартиби ҳам кучга кирди. Бунинг учун мазкур ходимлар патруллик ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятларга бевосита чек қўйиши, уларни аниқлаши, тергов ва суддан яширинган шахсларни ушлаши лозим.

ЎзА