ЎзА Ўзбек

12.07.2019 12:39 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ҳарбий журналистика: қабул жараёнлари, ўқув дастурлари ва халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистонда ҳарбий журналистика: қабул жараёнлари, ўқув дастурлари ва халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ҳарбий журналист мутахассислиги бўйича таълим беради. Мазкур таълим муассасасига қабул жараёнлари, тест-синов босқичлари ва ўқув машғулотлари кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Шу боис университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Алишер МАТЁҚУБОВ билан “Vatanparvar” газетаси мухбири Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА суҳбат уюштирди.

20 пол Айжамол.jpg– Ҳарбий журналис­тика илк бор алоҳида йўналиш сифатида ташкил этилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, университет ҳарбий журналистларга бўлган эҳтиёжни қондира оладими?

– Жаҳон тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, ҳарбий соҳа журналистиканинг ихтисос­лашган йўналишларидан бири. Фанни умумий журналистикада эмас, балки алоҳида дарслик сифатида ўтиш ва бўлажак ҳарбий журналистларга ушбу йўналишда чуқурроқ таълим бериш кўзда тутилган. Бугун барчамиз мамлакат мудофаа тизимидаги ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Бу мавзуда қалам тебратишнинг ўзига яраша машаққати бор. Чунки ҳар қандай журналист ҳарбий мавзуда ёзиб кетолмайди. Бироқ ҳарбий журналистларга доим эҳтиёж бўлган. Ушбу ташаббус ҳарбий журналист кадрларни тайёрлаш билан бирга уларнинг захирасини ҳам шакллантиради.

– Ҳарбий йўналиш бўлганлиги учун абитуриентлар бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари сингари тиббий кўрик ва жисмоний ҳамда касбий-руҳий тайёргарликлардан ўтишлари шартми?

– Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги саҳифаларимизга келаётган асосий саволлардан бири бу – жисмоний тайёргарлик бўйича. Тўғри, бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларида бу синовларнинг асосий босқичи ҳисобланади. Аммо журналистика ижодий соҳа эканлигини, шунингдек, гендер тенглигини ҳисобга олсак, жорий йилда жисмоний ва касбий-руҳий тайёргарлик имтиҳонлари бўлмайди. Келгуси йилдан жисмоний тайёргарлик имтиҳонларига эътибор қаратамиз. Тиббий кўрикка келадиган бўлсак, мавжуд “086” форма ўтган йиллар давомида ўзини оқламади. Ҳозир барча олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ушбу тиббий варақа сўралмайди.

– Қабул тартиби ҳақида маълумот берсангиз. Аввал эшитганимиздек 20 нафар талабанинг ҳаммаси давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадими?

– Қабул жараёнида ўзгариш­лар бор. 20 нафар талаба давлат гранти асосида шу йўналишда ўқитилиши режалаштирилган эди. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилларида ҳарбий журналистика йўналишига 25 нафар талаба қабул қилиниб, уларнинг 5 нафари давлат гранти асосида, 20 нафари шартнома асосида таълим олиши белгиланган.

Кириш имтиҳонлари икки босқичдан: ижодий имтиҳон, яъни ижодий суҳбат ва иншо ҳамда тест синовларидан иборат. Ўнлаб абитуриентлар катта қизиқиш билан ҳужжат топширмоқда. Уларни қизиқтирган саволларга махсус маслаҳатхонада мутахассислар жавоб бермоқда.

– Талабаларга таълим беришда қайси ўқув дастурлари ва ўқув қўлланмаларидан фойдаланилади? Соҳада адабиётлар етарлими?

– Ҳозирги кунда ўқув қўлланмалари оғриқли нуқтамиз. Негаки, ҳарбий журналистика бўйича ўзбек тилида ҳали бирор-бир ўқув қўлланма ишланмаган. Мазкур соҳада журналист кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгандан бери шу масала устида ишлаяпмиз. Экстремал журналистика фани доирасида ўтилган дарсликларни кенгайтириб, янги ўқув дастурларини тайёрлаяпмиз. Миллий журналистикамизда тўпланган тажрибалар асосида ҳамда рус ва украин олимлари томонидан ёзилган илмий адабиётларни таржима қиляпмиз.

Кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар ёрдамида сентябрь ойига қадар илк ўзбек тилида ҳарбий журналистикага оид икки илмий қўлланмани чоп этиш режалаштирилган.

– Бўлажак ҳарбий журналистларга кимлар таълим беради? Маҳорат масалалари ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Жорий йилда университетимизда Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу тизимларда фаолият юритувчи журналистларга тўрт ойлик малака ошириш курсини ташкил қилдик. Илк битирувчиларимизга сертификат ва дипломлар топшириш арафасида турибмиз. Малака ошириш курси биз учун тажриба бўлди. Айрим хато-камчиликларимизни билиб олдик. Ушбу курсда дарс берган, қайноқ нуқталардан репортажлар тайёрлаган устозимиз Муҳаммаджон Обидов, Раҳимбой Жуманиёзов, Ҳикматулла Пўлатов, Назира Тош­пўлатова каби профессор-ўқитувчилар бўлажак талабаларга ҳам сабоқ беради.

Албатта, “Vatanparvar” бирлашган таҳририяти биринчи навбатда маҳорат мактабимиз ҳисобланади. Талабалар биринчи босқичдан ­бошлаб шу ерда амалиёт ўташади.

– Университет чет эл таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган экан. Ҳарбий журналистика йўналиши бўйича ҳам ҳамкорлик ташкил қилинадими?

– Бу сирни биринчи бўлиб сизга ошкор қиламан. Ҳарбий журналис­тика бўйича ҳамкорликни аллақачон йўлга қўйдик. Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ҳудудида ҳарбий журналистика йўналиши Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Ҳарбий университет ва Воронеж давлат университетида мавжуд. Айнан Москва Ҳарбий университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тузяп­миз. Келажакда талабаларимиз ўзаро ҳамкорлик доирасида ўқишга юборилиши мумкин.

Манба: “Vatanparvar” газетаси


ЎзА
2 693