ЎзА Ўзбек

16.08.2018 11:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда 7 ойда чакана савдо товар айланмаси 68958,4 миллиард сўмни ташкил этди

Ўзбекистонда 7 ойда чакана савдо товар айланмаси 68958,4 миллиард сўмни ташкил этди

Чакана савдо товар айланмасида нисбатан юқори ўсиш суръатлари Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг сўнгги 7 ой мобайнидаги чакана савдо товар айланмасини эълон қилди.

Республика бўйича жорий йилнинг январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси 68958,4 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,0 фоизга ўсди. Шу жумладан, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 9036,8 миллиард сўмни (ўсиш суръати 18,5 фоиз), кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 59916,8 миллиард сўмни (ўсиш суръати 2,2 фоиз) ҳамда уюшмаган савдода товар айланмаси 8806,6 миллиард сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга камайган) ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида чакана савдо товар айланмаси ҳажми (млрд. сўм)

photo5451754911579613525.jpg

2017 йилнинг шу даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасида ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди.

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсди ва 9036,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 13,1 фоиз улушига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 59916,8 миллиард сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 2,2 фоизга ўсишга эришди. Республика миқёсида ушбу секторнинг жами чакана савдо товар айланмасидаги улуши 86,9 фоизга тенг келмоқда.

2018 йил январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси республика бўйича аҳоли жон бошига 2103,6 минг сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 фоизга кўпайган. Ушбу кўрсаткич республика ҳудудлари кесимида қуйидагича кўриниш олган:

photo5451754911579613526.jpg
photo5451754911579613527.jpg

Жадвалдан кўриниб турибдики, республиканинг барча ҳудудларида аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Бошқа ҳудудларга нисбатан ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳри (6311,8 минг сўм), Навоий вилояти (2808,8 минг сўм) ва Тошкент вилоятида (2542,4 минг сўм) сезиларли даражада юқори бўлиб, буни ушбу ҳудудларда йирик савдо ва саноат корхоналарининг жойлашганлиги билан изоҳлаш мумкин. 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида чакана савдо товар айланмаси таркибида овқатланиш ташкилотларининг савдо айланмаси 2,8 фоизни ташкил этиб, 1948,3 миллиард сўмга етди ёки ўтган йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 0,6 фоизга ўсишга эришилди. Бунда жами савдо айланмасининг 85,9 фоиз улуши кичик тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келмоқда.

ЎзА
4 939