ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда 330 минг нафардан ортиқ фуқароларга бир марталик моддий ёрдам берилди

Ўзбекистонда 330 минг нафардан ортиқ фуқароларга бир марталик моддий ёрдам берилди

Президентимизнинг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини давом эттириш ҳамда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш кўзда тутилган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўм этиб белгиланган.

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам тўловларининг манзилли етказиб берилиши бўйича Пенсия жамғармалари ва АТ “Халқ банки” филиаллари масъул ташкилот ҳисобланади. Давлат молиявий назорат департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, ҳудудий молия бўлимлари томонидан уларнинг қонунийлиги ва ўз эгаларига етказиб берилганлиги ўрганилади ва текширилади.

Республика бўйича бир марталик моддий ёрдам олувчи (фарзандлар сони бўйича) жами 330 минг 668 нафар фуқарога 165 334,0 миллион сўм миқдоридаги маблағ тўланиши режалаштирилган бўлиб, ушбу маблағлар жорий йилнинг 8 сентябрь куни тўлиқ молиялаштирилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармаси томонидан август ойида 8 минг 470 нафар ногиронлик муддати тугаган болаларнинг ногиронлик муддатлари ва 41 минг 277 нафар сентябрь ойида ўқишни давом эттираётган 16 ёшдан катта боқувчисини йўқотган болаларнинг пенсия ёки нафақа муддатлари узайтирилди. Кетма-кет уч ой давомида вақтинча уйда йўқлиги ҳамда 6 ой муддатда пенсия жамғармасига келмаган 403 нафар шахснинг пенсия ёки нафақа тўловлари тўҳтатилмагани ҳолда жорий ой тўлов қайдномаларига киритилди.

Молиялаштирилган маблағлардан 71 фоизи нақд пул шаклида, 29 фоизи эса тижорат банкларда очилган банк пластик карталари орқали олувчиларни ташкил қилади.

Жорий йилнинг 15 сентиябрь ҳолатига кўра, моддий ёрдам сифатида тўлаш учун ажратилган маблағнинг 98 фоизи фуқароларга манзилли етказиб берилиши таъминланди.

2 771,6 миллион сўм маблағ эса фуқароларнинг “Вақтинча уйда йўқлиги” сабабли тўланмасдан турибди. Мазкур маблағлар фуқароларга жорий тўлов ойи якунига қадар Халқ банки томонидан етказилиши чоралари кўрилади.

2 268
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА