ЎзА Ўзбек

10.06.2019 19:11:24 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда 21 май Кутубхоначилар куни сифатида нишонланади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Маданият вазирлигининг ушбу таклифини Президент маъқуллади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июнда “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида қуйидагилар аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан янада ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалар этиб белгиланди:

• ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона фаолиятини ислоҳ қилиш;

• аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

• ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш;

• ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан таъминлаш;

• кутубхона соҳасида давлат-хусусий шерикликни, хусусий ва электрон (виртуал) кутубхоналар тармоғини ривожлантириш;

• кутубхоналар фаолиятининг самарадорлигини ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш (шу жумладан, пуллик хизмат кўрсатиш) тезкорлигини ошириш учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш;

• ахборот-кутубхона муассасалари хавфсизлигини ҳамда миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида ахборот-кутубхона фондларининг яхши сақланишини таъминлаш;

• жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишини шакллантириш вакучайтириш, мутолаа маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш;

• ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Маданият вазирлигининг 21 майни Кутубхоначилар куни деб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Бунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш кўзда тутилиши белгиланди.