ЎзА Ўзбек

05.01.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад нима?

Соғлом бола соғлом ва аҳил оила меваси бўлиб, фақат соғлом онадангина соғлом авлод дунёга келади.

Мамлакатимизда болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун зарур шароит яратилмоқда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, яхлит тизим шаклини олди. Жойлардаги замонавий тиббиёт марказлари, таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ҳар бир ота-она фарзандининг соғ-саломат дунёга келишини истайди. Соғлом бола ота-она бахти, юрт таянчи бўлиб, оила мустаҳкамлигини таъминлайди. Бироқ баъзан узоқ кутилган "меҳмон" бирор нуқсон билан туғилади. Бу эса кўплаб ижтимоий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Мана шундай нохуш вазиятларнинг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаб, ногирон болалар туғилишини камайтириш мақсадида юртимизда скрининг марказлари фаолият юритиб келмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 25 декабрдаги “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Жумладан, 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури – “Она ва бола скрининг” марказларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг бирламчи профилактикаси бўйича тарғибот ишларини кучайтириш, ирсий касалликларга чалинган беморларни даволаш самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2013-2017 йилларда ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури доирасида “Она ва бола скрининг” марказлари биокимёвий анализаторлар ва замонавий ультратовуш сканерлар, чақалоқларда ва кичик ёшдаги болаларда ирсий касалликларнинг кенг доирасига ташхис қўйиш учун юқори технологик анализаторлар – тандем масс-спектрометрлар билан жиҳозланди. Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилди. Бу ривожланишида туғма нуқсони бўлган 21 мингдан ортиқ бола туғилишининг олдини олиш имконини берди.

Бироқ шунга қарамай, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ва даволаш-ташхис қўйиш тадбирлари, айниқса, қишлоқ жойларда бўлажак оналар ва болалар соғлиғи ҳолати устидан патронаж тизимини янада такомиллаштириш, жаҳон амалиётига мувофиқ туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг ҳамда “Она ва бола скрининг” марказлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Ирсий касалликлар келиб чиқишига қизларнинг балоғат ёшига етмай турмуш қуриши, туғиш ёшидаги аёлларнинг тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаслиги, экстрагенитал касаллигига чалинганларнинг фарзанд кўриши, туғруқлар ўртасидаги оралиққа риоя этмаслик каби омиллар ҳам сабаб бўлаётир.

“Она ва бола скрининг” марказларини юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар билан жиҳозлаш орқали уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, ҳомилада ва кичик ёшдаги болаларда хромосом синдромлар диагностикасида лаборатория диагностикасининг замонавий усулларини, жумладан, ситогенетик ва молекуляр-ситогенетик технологияларни жорий этиш дастурнинг асосий устувор йўналишларидан биридир.

Давлат дастурида белгиланган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва халқаро молиявий ташкилотлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳ
исобидан молиялаштирилади.

Юртимизда она ва бола саломатлиги муҳофазаси нақадар муҳимлиги назарда тутилган ҳолда, скрининг марказлари босқичли тарзда қабул қилиниб келаётган Давлат дастурлари асосида моддий-техник жиҳатдан такомиллаштириб борилмоқда. Айни пайтда бу борадаги ишларга замонавий ультратовушли ташхис ускуналари ёрдамида ҳомиласи 10-14 ҳафталик бўлган барча аёллар оммавий текширувдан ўтказилаётган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари жалб қилинган.

2017 йилда юртимиз клиникаларида лаб-танглай нуқсони, ортопедик ва куйиш асоратлари бўлган 544 нафар бола операция қилиниб, соғломлаштирилди. Шунингдек, Германия, Ҳиндистон ва Жанубий Кореяда 44 нафар бола операция қилинди. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 184 нафар юрак туғма нуқсони бўлган болалар операция қилиниб, соғломлаштирилди. Бундан ташқари, жамғарма томонидан 8 турдаги 58 минг дона буклет чоп этилди. Аҳоли ўртасида соғлом оилани шакллантиришга қаратилган 5113 учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Мазкур тадбирларга 117 минг нафар бола ва ўсмир қамраб олиниб, уларга 71 минг дона буклет тарқатилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 декабрдаги “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” ги қарори мамлакатимизда келажак авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир. Халқимиз ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини яхши англайди. Чунки ҳар бир оила туғилажак фарзандининг жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлишини хоҳлайди. Албатта, бу ота-она зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳар томонлама баркамол фарзанднинг дунёга келиши ўз вақтида ўтказиладиган тиббий кўрикларга боғлиқ.

Мазкур Давлат дастурида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш борасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди иштирокига қаратилган қатор вазифалар белгиланган. Устувор мақсади оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлган фонд бундан кейин ҳам миллат генофондини мустаҳкамлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшаверади.

С. Иномова,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия
фонди бошқаруви раиси.

ЎзА
11 699