ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:29 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ёшлари – бузғунчи ғояларга қарши!

Ўзбекистон ёшлари – бузғунчи ғояларга қарши!

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида “Ўзбекистон ёшлари – бузғунчи ғояларга қарши” шиори остида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар Бош имом хатиби Шайх Абдулазиз Мансур сўзга чиқиб, бугунги кунда дунё давлатларини ташвишга солаётган экстремизм ва терроризм кундан-кунга янгича кўринишга кириб бораётганлиги, Яқин шарқ ва араб давлатларида рўй бераётган ҳодисалар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётганлигини, бу тартибсизликлар ва фуқоролар урушидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, мазкур давлатларни ўзларига маскан қилиб олаётган террористик ташкилотлар ислом дини номи ва шаънини булғашда давом этаётганини таъкидлади.

Талаба-ёшларни норасмий диний оқимлар таъсиридан сақлаш, уларни турли оқимларга кириб кетишларига йўл қўймаслик ҳамда интернет орқали тарқалаётган ҳар хил бузғунчи ғоялар, рекламаларнинг таъсири хусусида сўз юритди.

Шунингдек, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган, дин ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли экстремистик ташкилотларнинг ёшларни алдов йўли билан ўз сафларига қўшиб олаётгани, бундай гуруҳлар таҳдидидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш лозимлиги айтилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаев ўз маърузасида бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ хавотирга солаётган диний экстремизм, миссионерлик ҳаракати кундан-кунга тарқала бориб, халқлар ўртасидаги тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига таҳдид солаётгани ҳамда эркин тарғибот олиб бориш ва фаолият доирасини кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишга интилаётганини қайд этиб ўтди. 

Тадбир давомида диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган инсонлар қисмати тўғрисидаги “Қиёматга қолган қарз” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

ЎзА​​
1 091