ЎзА Ўзбек

14.08.2018 16:55 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Япония: Муносиб кадрлар тайёрланади

Ўзбекистон-Япония: Муносиб кадрлар тайёрланади
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 14 август куни Ўзбекистон билан Япония ҳукуматлари ўртасидаги “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS) лойиҳасининг жорий йилги стипендиатлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов ва бошқалар мамлакатимизда олий таълим тизимини замон талаблари даражасида тубдан такомиллаштириш, истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг хориждаги етакчи илмий-таълим муассасаларида малакасини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинаётганини таъкидлади.

2017 йил октябрь – 2018 йил март ойларида “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS) лойиҳаси доирасида Япония олий ўқув юртларида магистратурада таҳсил олиш учун 15 нафар ёш кадр сараланди. Ушбу стипендиатларнинг Японияга жўнаб кетиши олдидан ташкил этилган тадбирда ёшларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилаётгани, жумладан, Япония билан бу борада истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.

23.JPG

– Кунчиқар мамлакатда таҳсил олиш ва энергетика соҳасида малака оширишни орзу қилиб юрардим, – дейди Навоий ИЭС цех бўлим бошлиғи Аслон Аслонов. – Шу мақсадда соҳани янада чуқур ўрганишга аҳд қилдим. Икки йил билимимни оширдим. Мақсадим, келгусида ўзим ишлаётган Навоий ИЭСда тармоқни ривожлантириш бўйича фаолият юритиш.

“Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (JDS) лойиҳаси 1999 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда профессионал кадрларни тайёрлаш мақсадида татбиқ этиб келинмоқда. Ҳозирга қадар 12 мамлакат доирасида малакали мутахассислар етиштириш ва уларни давлат бошқарувига тайёрлаш борасида ҳамкорлик ишлари амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик 310 ёш лойиҳа доирасида билим ва малака оширди.

Жорий йилда ҳам магистратура ва докторантура дастурлари бўйича иқтисод инфратузилмаларини такомиллаштириш, бизнес соҳаси, қонунчилик тизими, соғлиқни сақлашни бошқариш йўналишларида танлаб олинган 15 нафар бўлғуси стипендиат Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиш ва малака ошириш ҳуқуқини қўлга киритди. Улар 2 йиллик муваффақиятли таълим жараёнларидан сўнг эришган тажриба ва билимларини мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида қўллаб, ушбу соҳаларни ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Дилобар Маматова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
8 182