ЎзА Ўзбек

10.08.2018 17:02 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Япония: асосий мақсад малакали кадрлар тайёрлаш

Ўзбекистон – Япония: асосий мақсад малакали кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигида 10 август куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) делегацияcи билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокарада олий ва ўрта махсус таълими вазири Ином Мажидов ва JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунео Такасака икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” лойиҳасини муҳокама қилди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда кадрлар салоҳиятини ошириш ва бўлажак давлат хизматчилари учун Япониянинг илғор олий ўқув юртларида магистратура йўналишлари бўйича таҳсил олиш имкониятини яратишдан иборат экани таъкидланди.

Учрашувда Мунео Такасака магистратура ва докторантура дастурлари бўйича иқтисод инфратузилмаларини такомиллаштириш, бизнес соҳаси, қонунчилик тизими, соғлиқни сақлашни бошқариш йўналишларида танлаб олинган номзодлар 2019-2022 йилларда Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларига жўнатилиши ва уларнинг таълим олиш жараёнлари борасида маълумот берди.

Ушбу лойиҳа 1999 йилдан буён ривожланаётган давлатларда бўлажак раҳбарларни тайёрлаш мақсадида амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирга қадар 12 мамлакат доирасида малакали кадрлар етиштириш ва уларни давлат бошқарувига тайёрлаш борасида ҳамкорлик ишлари амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик 310 ёш кадр бу имкониятни қўлга киритган.

Учрашув сўнггида Ўзбекистон ҳукумати билан JICA ўртасида 262 миллион иен (2,3 миллион АҚШ долларига тенг) миқдоридаги грант битими имзоланди.

Дилобар Маматова, ЎзА
5 547