ЎзА Ўзбек

21.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияга қўшилишга тараддуд кўрмоқда

Ўзбекистон Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияга қўшилишга тараддуд кўрмоқда

Бугун пойтахтимизда Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ёки имплементация қилиш масалаларига бағишланган миллий семинар ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Атом энергияси халқаро агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирликлар масъул ходимлари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 7 февралда қабул қилинган “2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги қарори мазкур ишлар ижросини таъминлашда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Қарорга асосан тасдиқланган концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилган. Унда миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.

– Қарорда Ўзбекистон Республикасининг ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилиши ёки уларнинг қоидаларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш вазифалари қўйилган, – деди Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси департамент бошлиғи ўринбосари Ойбек Муҳаммаджонов. – Унга кўра, Ўзбекистон 4 конвенцияга қўшилиши кўрсатиб ўтилган. Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция (Вена, 1994 йил 17 июнь) улардан биридир. Тадбирда маҳаллий экспертлар томонидан АЭС қурилиши билан боғлиқ тартиб-тамойиллар, қабул қилинган қонуний ҳужжатлар ва уларнинг ижроси бўйича маълумотлар берилди. Атом энергияси халқаро агентлиги экспертлари эса Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция ва унга қўшилиш талаблари ҳақида батафсил таништирди. Семинардан кўзланган мақсад бу ерда олган тажриба ва билимни мазкур халқаро конвенция бўйича миллий ҳисобот тайёрлашда қўллаш ҳамда ушбу жараённи ваколатли ташкил этиш, жамоатчиликни унинг ижроси натижалари билан таништиришга қаратилган.

Маълумки, ушбу конвенциянинг яратилиши ҳам Америка ва Чернобилдаги ҳодисалар, шунингдек, дунёда ядро хавфсизлигига эришишнинг замонавий усуллари билан боғлиқ. Атом энергияси халқаро агентлигига аъзо давлатлар вакиллари иштирокида ҳар жиҳатдан юқори бўлган хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш масаласи ўртага қўйилган. 1992-1994 йилларда бу масалада учрашувлар ўтказилган. 1994 йилнинг 14-17 июнь кунлари агентликка аъзо бўлган 83 давлат вакиллари ва халқаро кузатувчилар иштирокида дипломатик анжуман ўтказилиб, ялпи семинарда 71 давлат аъзолари бу борадаги якуний ҳужжатни имзолаган. Шу тариқа, 1994 йил 20 сентябрдан бошлаб ушбу конвенцияга қўшилиш очиқ деб эълон қилинди.

– Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенция ядро хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди Атом энергияси халқаро агентлиги вакили Мирослав Сваб. – Конвенцияга қўшилган давлатлар учун атом энергетикаси объектларини хавфсиз ишлатиш тамойилларига риоя қилиш талаб этилади. Унинг асосий мақсади ионлаштирувчи нурланишнинг атроф-муҳитга зарарли таъсири олдини олиш ва бутун дунёда ядро хавфсизлигини таъминлашдир. Бу жараёнда халқаро тажриба ўта муҳим. Конвенцияга аъзо бўлиш қоидаси бўлиб, унда ўша давлат миллий ҳисобот тақдим қилиши зарур. Миллий ҳисоботни тақдим қилиш билан бирга унда конвенциянинг қоидаларини бажариш тўғрисида ёзма шаклда савол, жавоб ва шарҳлар кўрсатилган бўлиши керак. Албатта, Ўзбекистон ушбу конвенцияга қўшилиш чораларини кўрмоқда. Бугунги семинар жараёнда назарий ва амалий аҳамиятга эгадир.

Тадбирда хавфсиз ва иқтисодий самарадор ядро ёқилғи циклини ташкил этиш, шу жумладан, атом энергетикасини ядро ёқилғиси билан узоқ муддатли таъминлаш, ишлатиб бўлинган ёқилғи билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга ошириш учун шароит яратиш, уни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилишни ташкил этиш борасида фикр алмашилди.

1 807
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА