ЎзА Ўзбек

08.09.2018 15:06 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Корея мутахассислари давлат хизматчиларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Корея мутахассислари давлат хизматчиларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вакилларининг Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Мазкур учрашув 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва NHI ўртасида имзоланган ўзаро англашув ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил этилди.

Ўзбекистонга ташриф доирасида Жанубий Кореянинг давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича асосий ўқув-таълим муассасаси тингловчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва бошқа қатор вазирлик ҳамда идоралар фаолияти билан танишиш имконига эга бўлди. Бу мамлакатларимизда давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистонлик ҳамда кореялик мутахассислар ўртасида тажриба ва амалий тавсиялар алмашинуви бўлиб ўтгани ташрифнинг муҳим натижаларидан бири бўлди. Меҳмонлар Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, юқори технологик ишлаб чиқариш тармоқларида фаолият юритаётган АТ-корхоналари ва мутахассисларига тақдим этилаётган имтиёзлар ва енгилликлар, "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этишдаги натижалар билан таништирилди. 

Бу борада мамлакатимизда дастурчиларни тайёрлаш тизимини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Намуна сифатида айни пайтда АТ-мутахассисларини тайёрлаш тизими сифатини ҳамда  талабалар ва ўқитувчиларнинг академик ҳаракатчанлигини оширишга қаратилган кўплаб таълим лойиҳалари амалга оширилаётган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети кўрсатилди. 

Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институтига (NHI) 1949 йилда асос солинган бўлиб, Жанубий Кореянинг давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича асосий ўқув-таълим муассасаси ҳисобланади.


Роман Бондарчук, ЎзА
5 140