ЎзА Ўзбек

06.12.2018 10:00 Чоп этиш версияси

Цзинь Юйлун хоним: Савдо ҳажми бўйича сўнгги уч йилда Хитой Ўзбекистонда биринчиликни эгаллаб турибди

Цзинь Юйлун хоним: Савдо ҳажми бўйича сўнгги уч йилда Хитой Ўзбекистонда биринчиликни эгаллаб турибди
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчиси Канцелярисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Элчи маслаҳатчиси Цзинь Юйлун хоним Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, Хитойнинг ташқи савдо муносабатлари ва Жаҳон савдо ташкилотининг ислоҳ қилиниши билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 26 йил бўлди. Шундан бери ҳар икки мамлакат саъй-ҳаракатлари билан икки томонлама алоқалар мунтазам ривожланиб бормоқда. 

2016 йил июнь ойида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида икки мамлакат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги стратегик ҳамкорлик босқичига олиб чиқишга келишиб олишди. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитойга илк давлат ташрифи ҳамда унинг “Бир макон-бир йўл” халқаро форуми саммити, шунингдек шу йил Циндаода бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги иштироки вақтида икки мамлакат раҳбарлари Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг келажак режаларини белгилаб олишди, “Бир макон-бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга, икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантиришга келишиб олинди. Ушбу омиллар туфайли Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий алоқалари мунтазам ривожланиб бормоқда.

“Шу йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар икки томонлама савдо ҳажми 5,028 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди ва тарихий рекорд даражага етди. Савдо ҳажми бўйича сўнгги уч йилда Хитой Ўзбекистоннинг ҳамкорлари орасида биринчиликни эгаллаб турибди. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 1 073 та корхона ва компания фаолият юритади. Келажакда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми янада ошишига умид қиламан”, - деди элчи маслаҳатчиси.

Шундан сўнг Цзинь Юйлун хоним Хитойнинг ташқи савдо алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу борада катта ютуқлар қайд қилинганини таъкидлар экан, шу йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар ташқи савдо ҳажми 3,84 триллион АҚШ долларини ташкил қилгани қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо алоқалари 16.1% га ошганидан далолат беради.

Матбуот анжуманида Цзинь Юйлун хоним Жаҳон савдо ташкилотининг ислоҳ қилиниши жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида турганлигини таъкидлаб ўтди. Ислоҳотлар ҳар бир мамлакатнинг манфаатларини эътиборга олган ҳолда кўп томонлама савдо тизими қоидаларини мустаҳкамлаш ва глобал иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Шу йил 23 ноябрь куни Хитой ҳукумати “Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш масаласида Хитойнинг мавқейи ҳужжати”ни илгари сурди. Ҳужжатда Хитой ташкилот ислоҳоти борасида учта асосий принципни белгилаб берди ва бешта таклифни илгари сурди. 



ЎзА
5 055