ЎзА Ўзбек

25.08.2018 02:31 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга оид янги дастур тузилмоқда

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга оид янги дастур тузилмоқда
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси Ҳиндистонда сафарда бўлиб қайтди. Делегация аъзолари давлатимиз Раҳбарининг Ҳиндистонга бўлажак ташрифи доирасида имзоланадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси ҳукумати ўртасида илмий-техникавий, инновацион соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув лойиҳасини муҳокама қилдилар. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Делегация аъзолари томонидан илмий-техникавий, инновацион ривожланишга алоқадор вазирликлар, идоралар, тижорат ташкилотлари, ОТМлар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар ва инкубаторлар вакиллари билан учрашувлар ҳамда музокаралар ўтказилди.

Ҳозиргача икки давлат ўртасидаги илмий-техник ҳамкорлик Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари томонидан 1993 йил 29 июлда имзоланган Илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув доирасида амалга оширилиб келмоқда. Мазкур ҳужжат бугунги кун талабларига, икки давлатнинг инновацион ва илмий-технологик янгиланишга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларига жавоб бермайди. Инновацион ривожланиш вазирлиги олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун икки томонлама ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш талаб этилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Республикаси илм-фан ва технологиялар вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик Дастурини имзолашга тайёргарлик ишлари олиб борилди, Ўзаро ҳамкорлик режаси тасдиқланишига келишилди.

“SUN OVERSEAS” компанияси билан учрашувда Ўзбекистоннинг энергетика ва IT-технологиялар соҳаларига инвесторларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Кичик саноат миллий корпорацияси, Ҳиндистон саноати конфедерацияси каби ташкилотлар вакиллари, “Amity University” хусусий университети ва унинг қошидаги бизнес-инкубатор раҳбарлари, “I-Spirit” ваколатхонаси бошлиғи, “J Syzygia Consultants” ва NASSCOM компаниялари директорлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар давомида илмий-техникавий, инновацион ютуқларни тижоратлаштириш жараёнини тезлаштиришга, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳиндистон томони ўз навбатида электрон ҳукумат (e-governance), телемедицина (e-Health) ва дистанцион таълим (e-Education)ни шакллантириш борасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Ташриф натижасида Ўзбекистон-Ҳиндистон инновацион форуми тузишга келишилди. Мазкур форум икки давлатнинг олимлари, тадбиркорлари, инвесторлари, новаторлари ва инновацион ғоялар муаллифларини бир платформада бирлаштириши кутилмоқда. Форум тадбиркорлар ва инвесторларга истиқболли инновацион ғояларни молиялаштириш имконини беради. Кейинчалик бу форум Ўзбек-Ҳинд инновация жамғармасига айлантириш мумкинлиги ҳам тилга олинди. Ҳиндистоннинг ишбилармон доиралари мазкур жамғармани шакллантириш бўйича молиявий кўмак беришга тайёр эканликларини билдиришди. 

Бундан ташқари, Ҳиндистон техникавий ва иқтисодий ҳамкорлик Дастури (Indian Technical and Economic Cooperation ­– ITEC Programme) доирасида илмий-тадқиқот ташкилотлари, ОТМлар мутахассислари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тегишли соҳадаги инновацион ривожланишга масъул бўлимлари ходимлари, хусусий бизнес вакиллари бепул хорижий стажировка ўташ имконияти ҳам пайдо бўлади. 
Таъкидлаш жоизки, мазкур дастур 1964 йили Ҳиндистон ҳукумати томонидан йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра Осиё, Африка, Шарқий Европа (жумладан собиқ Иттифоқ давлатлари), Лотин Америкаси, Кариб денгизи ҳавзаси, Тинч океани оролларини ўз ичига олган 161 та давлат вакиллари таълим олишга таклиф этилади. ITEC дастури бўйича барча харажатлар (ўқиш дастурини ўташ, яшаш, дарсликлар, ўқув-танишиш сафарлари, тез тиббий ёрдам, авиачипта) Ҳиндистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.


4 751