ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Қирғизистондан жами 16 нафар бемор бола Германияга жўнатилди

Ўзбекистон ва Қирғизистондан жами 16 нафар бемор бола Германияга жўнатилди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида уларни оила аъзолари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб қўйди. 

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида 2002 йилда уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Унга кўра, 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш вазифалари белгилаб олинган.

Ушбу келишув доирасида ўтган давр мобайнида 387 нафар ўзбекистонлик бемор бола терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниб қайтди. Жорий йилнинг олти ойи давомида ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобидан 37 нафар туғма лаб-танглай нуқсони бўлган, “Чиройли оёқчалар” лойиҳаси доирасида эса туғма оёқ нуқсони – маймоқлик ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси билан 15 ёшгача бўлган 34 нафар бемор болада жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, 22 нафар терининг куйиш асоратлари бўлган бемор болада пластик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилиб, соғломлаштирилди.

Снимок1.JPG

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вакиллари ҳамроҳлик қилаётган ушбу беморларда ҳам Германиянинг нуфузли клиникаларида малакали мутахассислар томонидан керакли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, соғломлаштирилади. 

Айни пайтда Германия Федератив Республикасида соғломлаштирилаётган 9 бола эса 17 август куни юртимизга оиласи бағрига қайтиб келади. 

5 113
Моҳигул Қосимова, ЎзА