Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари ҳамкорлигида махсус-тактик дала ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Фарғона вилояти чегара олди ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ва Қирғизистон Республикаси Чегара қўшинлари ҳамкорлигида биринчи бор “Шит 2019” махсус-тактик ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Фарғона вилояти чегара олди ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ва Қирғизистон Республикаси Чегара қўшинлари ҳамкорлигида биринчи бор “Шит 2019” махсус-тактик ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Машғулот аввалида ҳар икки давлат бўлинма қўмондонларининг жанговар ҳаракатларни бошқариш ва улар орасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича йўл-йўриқлар ҳамда кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг ҳамкорликдаги махсус тактик ўқув машғулотига старт берилди.
Икки давлат чегарачиларига қўйилган асосий вазифа биргаликда босқинни бартараф этиш ҳамда чегара бузғунчиларини ҳудудга ўрнашиб олишларига йўл қўймасликдир. Шу мақсадда шай ҳолатда бўлган жанговар гуруҳлар замонавий зирҳли техникаларда чегара нарядларига ёрдамга келишди ва шартли душман икки давлат чегара ҳудудида тўлиқ қуршовга олинди. Машғулотга нафақат қуруқлик, балки ҳаво кучлари ҳам жалб этилди. Реал вазиятларга тенглаштирилган барча ҳаракатлар Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Республикалари чегара қўшинлари раҳбарлари томонидан диққат билан кузатиб борилди.
Икки давлат чегарачилари ҳамкорлигида жанговар чиқишлар тадбирларга ўзига хос кўрк бағишлади. Бундан ташқари хизмат итларининг маҳорати, хизмат отлари ҳамда чавондозларнинг истеъдоди намойиш этилди.
Машғулот сўнгида тадбирда фаол қатнашган ҳарбий хизматчиларга кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистон республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамблининг хушнавоз хонандалари томонидан ҳар икки миллат тилида куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Қўшни давлатлар ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни янада яхшилаш Ватанимиз остонаси дахлсизлиги, сарҳадларимиз мустаҳкамлигининг кафолатидир.
Э. Ядгаров